Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузганлиги, шунингдек суғурта полисининг ҳайдовчи ёнида бўлмаслиги транспорт воситаларини ушлаб туришга асос бўлмайди.

Президент томонидан 28 сентябрда имзоланган қонунга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартиришлар киритилди. Янги тартиб расман эълон қилинган 29 сентябрдан бошлаб кучга кирди.

Ҳужжатга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддасига (транспорт воситаларини ушлаб туриш ва текширув ўтказиш асослари) ўзгартириш киритилди.

Хусусан, ушбу модданинг биринчи қисмининг «а» бандидаги «135-модда (ҳайдовчиларнинг малакасини оширганлиги тўғрисидаги гувоҳнома бўлмаган ҳолатлардан ташқари)» сўзлари ўрнига «135-модда (фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун бўйича суғурта полиси, ҳайдовчиларнинг малакасини оширганлиги тўғрисидаги гувоҳнома бўлмаган ҳолатлар бундан мустасно)»га ўзгартирилди.

Ўз навбатида, суғурта полисисиз транспортни бошқарганлик учун жарима қўлланилади. Жарима миқдори БҲМнинг бир бараварига тенг (223000 сўм).

Эслатиб ўтамиз, август ойи бошида Mening fikrim порталида автотранспорт воситасини суғурта бўлмаган тақдирда ушлаб туришни бекор қилиш тўғрисида петиция пайдо бўлди. Ҳужжат қисқа вақт ичида парламентда кўриб чиқиш учун зарур бўлган 10 мингдан ортиқ овозга эга бўлди.

Ҳужжатни муҳокама қилиш жараёнида сенаторлар таъкидлаганидек, бу фуқароларнинг мулкий ҳуқуқлари кафолатини кучайтиради, фуқаролар учун жарима миқдорининг камайтирилганлиги эса коррупциянинг олдини олишга ёрдам беради.