Москва мактаблари 5−18 октябрь саналарида икки ҳафталик таътилга чиқади, дея хабар берилди Москва мэри Сергей Собянин блогида.

Одатда, кузги таътил бир ҳафта давом этади, аммо пойтахтда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият туфайли бу муддат узайтирилди.

«Санитария шифокорларининг тавсиясига кўра, касаллик тарқалиши даражасининг пасайиши ва ковид аниқланган беморлар сонининг кўпайишини ҳисобга олиб, мен кузги таътил давомийлигини оширишга қарор қилдим», — деб ёзади Сергей Собянин.

Таътил вақтида масофавий ўқитиш бўлмайди, аммо мактаб ўқувчилари ўтган нарсаларини такрорлашлари ва агар хоҳласалар, Москва электрон мактаби ёрдамида янги материалларни ўрганишлари мумкин.

Қўшимча таълим ва болаларнинг бўш вақтларини унумли ўтказиш муассасалари ҳам ўз фолиятини икки ҳафтагача тўхтатиб туради, аммо болалар боғчалари «одатдаги жадвал бўйича» ишлашда давом этади.

Тезкор штаб маълумотларига кўра, 28 сентябрь куни эрталаб аниқланишича, Москвада суткасига 2117 та COVID-19 касаллиги қайд этилган. Таққослаш учун, бир кун олдин 2016 та янги ҳолат аниқланган эди. Бир ҳафта олдин, 21 сентябрь куни Москвада кунлик ўсиш 915 тани ташкил этган, дея хабар берди Meduza.

28 сентябрь куни Москва шаҳри ва Москва вилояти ҳокимияти аҳолига янги тавсиялар бера бошлади. Маъмурият коронавирус инфекцияси хавфи туфайли 65 ёшдан ошганларга ва сурункали касалликларга чалинганларга уйда қолишни тавсия қилмоқда.

РБК маълумотларига кўра, ушбу тоифадаги ишчиларга узоқдан ишлашга ўтиш ёки таътилга чиқиш тавсия қилинган. Шунингдек, расмийлар иш берувчилардан имкон қадар кўпроқ ходимни масофадан ишлашга ўтказишларини сўрашган.

Шунингдек, ҳомиладор ва янги туғилган аёлларга ўзини изоляция қилиш режимига риоя қилиш тавсия этилган.

Аввалроқ, Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги мактабда ўқиш кеч бошланганига қарамай, таътил жадвалини ўзгартириш режаси йўқлиги ҳақида хабар берган эди.