Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби боласини масофавий таълим шаклида ўқитаётган оилаларда фарзандининг онлайн ўқиши учун шароит яратиб бермаган ота-оналарга нисбатан чора кўрилиши ҳақидаги саволга жавоб берди.

Қайд этилишича, «Таълим тўғрисида"ги қонунининг 3-моддасида умумий ўрта таълим мажбурийлиги, 30-моддасида эса вояга етмаган болаларнинг ота-оналари ёки қонуний вакиллари боланинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишлари шартлиги кўрсатилган бўлиб, уларга кўра ота-оналар фарзандларининг тарбияси, мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишлари учун жавобгардир.

Шу билан бирга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддасига мувофиқ, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши ва бундан ҳолатларнинг содир этилиши ота-онага нисбатан БҲМнинг 1 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солиниши белгиланган.

ХТВ ҳозирча мазкур ҳолатлар юзасидан ота-оналарга чора кўриш ҳолатлари юзага келмаганини маълум қилди.

Вазирлик ота-оналардан бугунги мураккаб вазиятда фарзандлари учун масъулиятни икки карра ҳис қилиб, фарзандлар тақдирига, уларнинг таълим олиш жараёнига бефарқ бўлмасни сўради.

28 сентябрдаги маълумотларга кўра, мамлакатда фаолиятини тўлиқ тиклаган мактаблар сони 7620 тани ташкил қилиб, 76,3 фоизга етди. Жорий ўқув йилида коронавирус инфекцияси пандемияси билан боғлиқ эпидемилогик вазиятдан келиб чиқиб, ота-оналарга ўз фарзанди учун таълим олиш шаклини иҳтиёрий танлаш имконияти берилди.