Наманган вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Наманган шаҳридаги Фурқат ва Гулистон маҳаллалари ўрнида қурилиши режалаштирилган Namangan city қарорини бекор қилди. Бу ҳақда вилоят маъмурияти матбуот хизмати хабар берди.

«Нима қиламан бузиб, одамларни хавотирга қўйиб. Ундан кўра, ўша янги ерларда қурсам тезроқ битади, одамлар овора бўлмайди. Ё бузолмаймиз, ё асфальтини қилолмаймиз — бузиладиган маҳаллаларнинг — ё сув тортолмаймиз, ё одамларнинг ўзи битта уй қуриб, тўй қилолмайди. Шунинг учун мен қарор қабул қилдим, бу ҳақда раҳбарларнинг ҳаммасини огоҳлантирдим. Олдинги Namangan sity қарори бекор бўлади», — дея маълум қилди вилоят ҳокими.


Ўз навбатида, Namangan city қурилиши Наманган шаҳрига туманлардан қўшиб берилган ерларда амалга оширилиши билдирилди. Шавкат Абдураззоқовнинг маълум қилишича, Наманган шаҳрига қўшни туманлар ҳисобидан 3800 гектар ер майдони қўшиб берилган.

«Биз янги қурилишларни шу ҳудудларда олиб борамиз. Марғилон кўчасида эса йўллар таъмирланиб, янги лотоклар ўрнатилиб, кўчаларнинг ёруғлиги таъминланади. Бундан фуқароларимиз ҳам четда турмаслиги керак. Улар хонадонлари ободлиги, кўркамлигини таъминлашлари, жиноятчиликни жиловлашда ҳиссаларини қўшишлари зарур», — деди у.

Қайд этилишича, Шавкат Абдураззоқов Наманган шаҳридаги «Юксалиш» маҳалласи ҳамда «Орзу» кичик саноат зонасидан Тўрақўрғон туманига олиб чиқувчи янги йўл ўтадиган ҳудудни кўрсатган. Янги қуриладиган йўл бўйида Smart city лойиҳаси амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Namangan city қурилиши лойиҳаси илк бор 2018 йил май ойида президент Шавкат Мирзиёевнинг вилоятга ташрифи чоғида тақдим этилган эди. 2019 йилнинг октябрида вилоятнинг собиқ ҳокими Хайрулло Бозоров ва Саудия Арабистонининг Alqusaier company компанияси бош директори Абдул Азиз ал-Кусайр томонидан 78 гектар майдонда Namangan Сity барпо этиш тўғрисидаги меморандум имзоланди.