Халқаро тадқиқотчи журналистлар консорциуми (ICIJ) ва BuzzFeed News молиявий жиноятларга қарши курашиш тармоғидаги (Financial Crimes Enforcement Network, FinCEN) ҳужжатлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлишди. Тармоқ АҚШ Молия вазирлигининг таркибидаги бюроси ҳисобланади.

«Важные истории»нинг хабар беришича, бу АҚШ тарихидаги энг йирик — 2 трлн доллардан ортиқ АҚШ молия тизими орқали ўтган шубҳали транзакциялар маълумотларининг очиқланиши ҳисобланади. 2017 йилда АҚШдаги BuzzFeed News нашри журналистлари 2100 дан ортиқ махфий FinCEN ҳужжатларидан фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритишди, сўнгра ушбу лойиҳага, ICIJ ва OCCRP билан бир қаторда, 88 мамлакатдан 110 та оммавий ахборот воситаси иш олиб борувчи «Кассандра» халқаро тадқиқот журналистик лойиҳасига қўшилди.

Таъкидланишича, FinCEN Америка банкларининг, шунингдек АҚШ банкларида вакиллик ҳисоб-рақамига эга бўлган хорижий кредит ташкилотларининг барча шубҳали операциялари тўғрисида маълумотларни тўплайди.

Журналистлар томонидан таҳлил қилинган ҳужжатларда Россия фуқаролари, шу жумладан «Северсталь» компаниялар тармоғининг эгаси Алексей Мордашов, USM Holdings асосчиси Алишер Усмонов, Россия президентининг собиқ маслаҳатчиси Валентин Юмашев, МТС ва бошқа компаниялар билан боғлиқ пул ўтказмалари хақида маълумотлар мавжуд.

Хусусан, «Важные истории» ҳужжатларга ишора қилиб, россиялик ишбилармонлар ва компаниялар «Россия президенти Владимир Путинга яқин одамларга миллионлаб доллар маблағлар ўтказган», дея таъкидламоқда.

Нашр, шунингдек, FinCEN ҳужжатларида 2006−2008 йилларда президент маъмуриятининг собиқ раҳбари бўлиб ишлаган (ҳозирда Россия президентининг маслаҳатчиси) Валентин Юмашев Британиянинг Виржин оролларидаги Epion Holdings Limited компанияси орқали олган 6 млн долларлик маблағни қўлга киритгани ҳақидаги маълумотларни топди.

Текширув-тадқиқот ишлари муаллифлари компаниянинг Алишер Усмоновга тегишли эканлигини таъкидламоқда. Шубҳали транзакцияларнинг ҳисоботларига кўра, пул «хизматлар» учун келишувларга кўра икки йил давомида ўтказилган.

Шубҳали транзакциялар

Муайян компания ёки шахснинг шубҳали транзакция ҳисоботига киритилганлиги ҳар доим ҳам уларнинг пул ўзлаштириши билан боғлиқлигини англатмайди, дейди «Важные истории» нашри. Ҳисоботларга банк ходимларида шубҳа уйғотадиган юридик ёки жисмоний шахсларнинг транзакциялари киритилади. Масалан:

  • агар компания ёки шахс тез-тез катта миқдордаги йирик операцияларни амалга оширса;
  • агар компания ёки банк оффшор зонада рўйхатдан ўтган бўлса;
  • агар компания ёки шахс санкциялар рўйхатига киритилган бўлса (масалан, санкциялар остида Россия банклари орқали ўтган доллар билан операциялар автоматик равишда шубҳали фаолият тўғрисидаги ҳисоботларга киритилган);
  • агар оммавий ахборот воситаларининг нашрларида компания ёки шахс ҳақида салбий фикр юритилса (масалан, шубҳали операциялар тўғрисидаги ҳисоботларга оммавий ахборот воситалари ёзган «Панама архиви»нинг барча «айбдорлари» ҳақидаги хабарлари орқали киритилган);
  • агар Интернетда компания ҳақида маълумот бўлмаса — сайт ҳам, шарҳлар ҳам мавжуд бўлмаса.

Буларнинг барчаси қўшимча банк текширувини талаб қилади, лекин одатда булар амалга оширилмайди, дея таъкидлайди нашр.

Сиз ICIJ текширувлари ҳақида кўпроқ маълумотни бу ерда (инглиз тилида), маълумотларнинг тарқалиши тарихи ҳақида — бу ерда (рус тилида) ўқишингиз мумкин.

NBU ва Латвия банклари

Фото: ICIJ.

«Газета.uz» ICIJ материалини ўрганиб чиқди ва ҳужжатларда Ўзбекистон миллий банкининг ташқи иқтисодий ишларида ҳам келтирилганлигини топди. Умумий $ 8.7 млн миқдордаги, шу жумладан, NBU га келиб тушган ($ 3,6 млн) ёки ушбу банкдан юборилган ($ 5,1 млн) 16 та транзакция FinCEN ҳужжатларида шубҳали деб белгиланган.

Пул ўтказмалари АҚШнинг битта банки — The Bank of New York Mellon орқали амалга оширилди, бу FinCENга шубҳали фаолият тўғрисидаги ҳисоботларни юборди.

Хабарда айтилишича, 13 январдан 21 январгача Ўзбекистон Миллий банки (NBU) Латвиянинг Baltikums Bank орқали учта операция шаклида 920 минг доллар олган (2017 йилда у BlueOrange Bank деб ўзгартирилган, Латвиянинг BBG холдинг компаниясига тегишли). Шу билан бирга, 14−19 январь кунлари NBU орқали тўртта операцияни амалга оширган ҳолда Латвия банкига 2,8 млн доллар, 15−27 январь кунлари эса Baltikums Bank орқали 2,77 млн АҚШ доллари олтита операция шаклида Ўзбекистон банкига ўтказилган.

ICIJ маълумотларидан кўриниб турибдики, 5−6 апрель кунлари NBU орқали Латвиянинг бошқа бир банки Norvik Banka (PNB Banka)га иккита транзакция орқали 1 млн доллар, 19 апрелда эса 1,2 млн доллар миқдоридаги маблағлар ўтказилган.

Маълумот учун, ICIJ ҳужжатларида Қозоғистонда умумий қиймати 131,9 млн доллар бўлган 202 та, Корея Республикасида — 10,7 млн долларлик 39 та, Озарбайжонда — 67,2 млн долларлик 50 та, Беларусда — 42 млн долларлик 11 та ва Туркманистон — 6,8 млн долларга 49 та шубҳали транзакциялар аниқланган.