Европа Иттифоқи Ўзбекистонда COVID-19 га қарши олиб борилаётган тезкор ва самарали курашни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳа бўйича 2 млн евродан ортиқ маблағ ажратди. Бу ҳақда «Газета.uz» га Европа Иттифоқининг республикадаги ваколатхонаси хабар берди.

«Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мамлакатдаги ваколатхонаси томонидан амалга оширилаётган лойиҳа биринчи навбатда тиббиёт муассасаларда беморлар билан бевосита алоқада бўлган тиббиёт ходимларини шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлашга қаратилган», — дейилади хабарда.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда COVID-19 ҳолатларини аниқлашда, текшириш, тартиблаш ва даволаш билан боғлиқ ишларда деярли барча шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланилмоқда. Шу муносабат билан, COVID-19 ташхиси қўйилганлиги тахмин қилинган ёки тасдиқланган беморлар тоифасига кирмайдиган беморлар билан иш олиб борадиган тиббиёт ходимлари, масалан, туғруқхоналарда, сил ва ОИВ билан касалланганлар клиникаларида, стоматология, поликлиникаларда ва бошқалар ҳимоя воситаларисиз қолмоқда. Шунинг учун ЖССТ томонидан тавсия этилган шахсий ҳимоя воситаларини нафақат COVID-19 беморлари билан муомала қиладиган тиббиёт ходимлари учун, балки бошқа соғлиқни сақлаш хизматлари ва муассасалари ходимлари учун ҳам сотиб олишни тавсия этилади ва бу COVID-19 тарқалишини олдини олиш учун жуда муҳим.

Ваколатхонанинг таъкидлашича, ушбу лойиҳа келгуси икки йил ичида мамлакат соғлиқни сақлаш ходимлари учун етарли миқдордаги юқори сифатли шахсий ҳимоя воситаларини сотиб олиш орқали касаллик юқтишининг олдини олишга ёрдам беради.