Украинанинг Харьков вилоятида Ан-26 самолётининг қулаши натижасида 25 киши ҳалок бўлди, яна икки киши оғир жароҳат олди. Бу ҳақда РИА Новости Украина бош прокурорига асосланиб хабар бермоқда.

Ҳаммаси бўлиб бортда 27 киши бўлган — Ҳарбий ҳаво кучлари Харьков миллий университети курсантлари ва экипаж аъзолари. Самолёт ўқув парвозини амалга ошираётган эди.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳалокатга двигателнинг носозлиги сабаб бўлган. Ҳодиса жойида қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.

Украина президенти идораси фожиа тафсилотлари ва сабабларини аниқлаштириш учун давлат комиссияси тузилганини эълон қилди.

Харьков вилоятида 26 сентябрь мотам куни деб эълон қилинди.