Жисмоний шахслар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли ёмбилар ва Марказий банкнинг қимматбаҳо металлардан тайёрланган тангаларини республика ҳудудидан ташқарига чекловларсиз олиб чиқиш ҳуқуқига эга бўлди. Бу президентнинг 22 сентябрдаги фармонида кўзда тутилган.

Бунинг учун Марказий банк, Молия вазирлиги ҳамда Давлат божхона қўмитасининг тегишли сертификатлар мавжуд бўлиши, товарларни олиб чиқишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган меъёридан ошган тақдирда, мажбурий равишда йўловчи божхона декларацияси тўлдирилиши лозим.

Марказий банк ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлиги тугатилди. Унинг ўрнига МБ марказий аппарати тузилмасида Қимматбаҳо металларни сақлаш ва улар билан ишлаш хизмати ташкил этилди.

Аввалроқ, Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов регулятор банклар орқали сотувга қўйиладиган янги олтин ва кумуш тангалар, шунингдек, ўлчовли олтин ёмбиларини чиқаришга тайёрланаётгани ҳақида хабар берган эди.