Компанияларнинг катта миқдордаги маблағларни чет элга олиб чиқаётганликлари оқибатида ҳукуматлар ҳар йили 500 млрд доллар йўқотишмоқда. Ҳар йили дунёда 1,6 трлн доллар «ўзлаштирилади», бу глобал ЯИМнинг 2,7 фоизини ташкил этади. Бундан ташқари, яна триллионлаб доллар маблағлар офшор ҳисобланади, дея хабар берди БМТ Янгиликлар хизмати.

Ушбу маълумотлар ноқонуний олиб чиқилган активларни қайтариш ва уларни Барқарор ривожланиш мақсадлари учун сарфлаш масалалари билан шуғулланувчи Юқори даража гуруҳининг ҳисоботида келтирилди. Гуруҳ БМТ Бош Ассамблеяси ва БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши ҳомийлигида 2020 йил январь ойида ташкил этилган. Унинг таркибига собиқ давлат раҳбарлари, ҳукумат, марказий банклар, ишбилармон доиралар ва фуқаролик жамияти вакиллари киритилган.

Мамлакатлар расмийлари коррупция, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, чет элга ноқонуний йўл билан пул олиб чиқиш ва бошқа молиявий қонунбузарликларга қарши курашиш учун янада қатъиятли чоралар кўришлари шарт, дейди мутахассислар. Бундай чоралар туфайли ҳукуматлар улкан маблағларни жалб қилишлари ва уларни ижтимоий-иқтисодий ривожланишга сарфлашлари мумкин бўлади.

«Дунёда коррупция ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари кенг тарқалган. Кўплаб банклар ўзаро келишиб олишган, кўплаб ҳукуматлар ўтмишда қолиб кетишган. Ҳаммамизни, авваламбор, дунёнинг камбағал аҳолисини талашмоқда», — деди Литванинг собиқ президенти ва гуруҳ вакили Даля Грибаускайте.

Мутахассислар АҚШ Молия вазирлигининг банк мижозларининг шубҳали молиявий операцияларини йиғувчи FinCen бўлими томонидан яқинда эълон қилинган ҳисобот натижалари ҳақида эслаб ўтишди. Оммавий ахборот воситаларининг хабарларига кўра, энг йирик банклар жиноятчиларга бутун дунё бўйлаб «ҳаром» пулларни бир жойдан бошқа жойга кўчиришга рухсат берган. Тергов-қидирув ишлари эътиборига олинган битимларнинг умумий миқдори 2 трлн долларга тенг.

Гуруҳ ҳисоботида, шунингдек, кўплаб қонунбузарлар коронавирус пандемияси атрофидаги вазиятлардан фойдаланганликлари айтилган. Яъни кўпчилик бузғунчилар ҳукуматларнинг аҳолига ижтимоий ёрдам кўрсатишни осонлаштириш ва иқтисодиётни рағбатлантириш чораларини кўриш учун молиявий назоратни юмшатганлигидан фойдаланиб қолишган.

«COVID-19 пандемияси яна бир бор коррупция ва молиявий жиноятчиликка қарши курашиш қобилиятимиз йўқлигини эслатди. Касаллик тарқалишига қарши курашиш, одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш ва ёрдам кўрсатишга бағишланган ресурслар коррупция ва қонунбузарликлар туфайли йўққа чиқмоқда», — деди Нигериянинг собиқ бош вазири ва гуруҳ раисларидан бири Иброҳим Маяки.