Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 24 сентябрь куни «Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш» лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорни имзолади.

Эслатиб ўтамиз, «Ҳудудгазтаъминот» корхонаси томонидан миллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида ўтказилган тендер натижаларига кўра, ўтган йилнинг ёзида Тошкент ҳокимлиги таъсисчилигида ташкил этилган «Технопарк» МЧЖ билан электрон табиий газ ҳисобини юритиш ускуналарини етказиб бериш ва ўрнатиш бўйича шартнома тузилган эди.

Қарорда табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини «ишлаб чиқариш — газ тақсимлаш станцияси — туман (шаҳар) чегараси — йирик участкалар кириш қисми — истеъмолчи» принципи асосида бутун тармоқ бўйича жорий қилиш кўзда тутилмоқда.

Ҳисоблагичлар биринчи навбатда аҳолининг табиий газ истеъмоли ва қарздорлик даражаси юқори бўлган ҳудудларга ўрнатилади. Шунингдек, аҳоли яшаш пунктларида барча истеъмолчиларнинг (маиший, саноат ва бюджет) ҳисоблагичларини ҳамда йирик участкалар кириш қисмидаги ҳисоблагичларни бир вақтнинг ўзида ўрнатиш ва тизимга улаш ҳамда тармоқдаги йўқотишларни бартараф этиш бўйича ишлар ташкиллаштирилади.

2020 йил 1 октябрга қадар тизимни Тошкент вилоятининг Қибрай, Зангиота ва Тошкент туманларида «Ҳудудгазтаъминот» маблағлари эвазига ўрнатиш белгиланди.

Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан ажратиладиган кредит маблағлари эвазига эса 2021 йил 1 февралга қадар Ўрта Чирчиқ, Чиноз, Юқори Чирчиқ, Янгийўл ва Кармана туманлари ҳамда Тошкент, Андижон, Бухоро, Гулистон, Жиззах, Наманган, Нукус, Самарқанд, Термиз, Урганч, Қарши, Каттақўрғон, Қўқон, Марғилон шаҳарларида ва бошқа қарздорлик даражаси баланд бўлган ҳудудларда тизим ўрнатилади.

2021 йил 1 августга қадар республиканинг бошқа ҳудудларида истеъмолчиларга замонавий ҳисоблагичларни ўрнатиб, тизим тўлиқ жорий этилади.

Йирик истеъмолчилар, автомобилларга газ қуйиш шохобчалари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилари, 2020 йил якунига қадар қолган тадбиркорлик субъектлари уларнинг ўз маблағлари ҳисобидан ҳамда 2021 йил 1 майга қадар ижтимоий соҳа объектлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тизимга уланади.

Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 1 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда 4 йил муддатда қайтариш шарти билан, 6 ойлик ЛИБОР плюс 3 фоиз йиллик ставкада, имтиёзли даврда асосий қарз бўйича ҳисобланган фоизлар капитализация қилиниши ҳисобга олиниб, 150 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредити жалб қилинади.

Бундан ташқари, «Ўзсаноатқурилишбанк» AТБнинг 27,5 миллион АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги кредити, электрон газ ҳисоблагичларини йиғиш учун зарур бўлган эҳтиёт қисмларини Италиядан харид қилишга йўналтириладиган Италиянинг «SACE» давлат экспорт-кредит агентлигининг суғурта қопламаси остида хорижий тижорат банклари кредити ҳамда лойиҳанинг маҳаллий харажатларини қоплаш учун биринчи ўринда республика жамғармалари ва маҳаллий тижорат банкларининг маблағлари ва заруратга кўра хорижий молиявий ташкилотлар қарз маблағлари жалб қилинади.

Қарорга кўра, Ҳисоб палатаси тузилмасида Электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимларининг жорий этилишини ҳамда ҳисоб-китоблар ҳолатини мониторинг қилиш шўъбаси ташкил этилади.

Ҳисоб палатасига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилмоқда:

  • таъминотчи корхоналарнинг тақсимлаш тармоқларида электр энергияси ва табиий газ йўқотишларининг ўзгаришини таҳлил қилиш;
  • электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимларини жорий этиш ҳолати, электр энергияси ва табиий газ истеъмоли, ўзаро ҳисоб-китоблар ва мавжуд дебитор-кредитор қарздорликларининг таҳлили ва мониторингини олиб бориш, ушбу йўналишларда тегишли чоралар кўриб бориш;
  • махсус ҳисоб рақамларга пул тушумлари, уларнинг мақсадли сарфланиши ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг кредит маблағлари тўлиқ ва ўз вақтида қайтарилиши устидан тизимли назорат ўрнатиш.

2021 йил 1 июнга қадар тизим билан мувофиқликда ишловчи замонавий биллинг тизими яратилади.

Ҳар бир ҳудудда ҳисоблагич ва бошқа ускуналарни таъмирлаш ва уларга сервис хизматини кўрсатиш шохобчалари ташкил қилинади.

Ҳукуматга икки ҳафта муддатда истеъмолчиларнинг «Ҳудудгазтаъминот» АЖ олдидаги истеъмол қилинган табиий газ учун қарздорликларини ундириш графигини ишлаб чиқиб, уни амалга ошириш чораларини кўриб бориш топширилди.

Бундан ташқари, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига барча ҳудудларни алоқа ва Интернет қамрови билан 2020 йил якунига қадар таъминлаш ҳамда алоқа сифатини техник талабларга мослаштириш топширилди.