БМТ Бош Ассамблеяси 23 сентябрни Халқаро имо-ишоралар тили куни деб эълон қилган. Ушбу кун имо-ишоралар тилининг ҳаётимиздаги ўрни борасидаги билимларимизни ошириш ҳамда кар ва заиф эшитувчи инсонлар ҳуқуқларини тўлиқ ҳаётга татбиқ қилиш мақсадида 2018 йилдан бошлаб ҳар йили нишонлаб келинмоқда. Бутунжаҳон карлар федерацияси маълумотларига кўра, дунёда қарийб 72 миллион кар одам бўлиб, уларнинг 80 фоиздан ортиғи ривожланаётган мамлакатларда яшайди.

2019 йил ҳолатига кўра, 21212 нафар эшитиш қобилияти чекланган шахс Ўзбекистон карлар жамиятида рўйхатга олинган. Давлат статистика қўмитаси эшитиш қобилияти чекланган одамлар сони тўғрисидаги маълумотларни алоҳида эълон қилмайди, натижада карлар жамияти маълумотларига таянишга тўғри келади. Эҳтимол, кар ва заиф эшитувчи одамларнинг кўпчилиги ҳали ҳам рўйхатга олинмаган ёки ҳатто ногиронлик гуруҳига ҳам киритилмагандир.

Ўзбекистон ва бошқа собиқ совет иттифоқи давлатлари ҳудудида рус имо-ишора тили (РИТ) ишлатилади. Дастлабки тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда қўлланиладиган имо-ишора тили Россия Федерациясида қўлланиладиган РИТдан унчалик фарқ қилмайди. Бироқ маҳаллий маданий контекстдан келиб чиқиб, баъзи фарқланишлар ҳам кузатилади.

Имо-ишора тиллари одатдаги нутқ тиллари сингари, доимий равишда ривожланиб боради ва кар/заиф эшитувчи инсонларнинг кундалик ҳаёт эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда янги сўзлар, иборалар ва сўз бирикмаларини луғатига киритади. Шундай қилиб, айтишимиз мумкинки, мустақилликни қўлга киритган кундан бошлаб Ўзбекистонда қўлланиладиган имо-ишора тили ҳам баъзи ўзгаришларга учради ва РИТ шевасига айланди. Ушбу тилни ўзбек имо-ишора тили (ЎИТ) деб аташ мумкинми, деган савол очиқ қолмоқда.

Сўнгги ютуқлар

Ўтган йилнинг 1 июлидан бошлаб президент Шавкат Мирзиёевнинг фармонига биноан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузурида Эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича диспетчерлик хизмати ишга туширилди. Ушбу хизмат 24/7 режимида ишлайди ва кар/заиф эшитувчи инсонларнинг мурожаатларини видео қўнғироқлар, матнли хабарлар ва махсус дастурлар орқали қабул қилади.

Диспетчерлик хизмати иши таҳсинга лойиқ, аммо баъзи камчиликлари ҳам бор. Кўплаб карлар қўнғироқ қилиб, тушиб бўлмаслигидан шикоят қилмоқдалар — видео қўнғироқлар учун ишлатиладиган JustTalk дастури носозликлар билан ишлаяпти. Шу пайтгача кар ва заиф эшитувчи инсонларнинг шошилинч алоқа хизмати операторлари билан боғланишлари мумкин бўлган миллий мувофиқлаштирилган дастур ишлаб чиқилмаган.

Яна бир ютуқ — Surdo-Online имо-ишора таржимаси бўйича ишонч телефонининг жорий этилишидир. Surdo-Online билан шартнома имзолаган дорихоналар, банклар, темир йўл кассалари ва бошқа давлат муассасаларига борганда, карлар ўрнатилган планшетлар ёрдамида онлайн равишда сурдотаржимонлар хизматидан фойдаланишлари мумкин. Ўзбекистон Миллий инновацион соғлиқни сақлаш палатаси ҳам украиналик ҳамкорлар билан шунга ўхшаш тажриба-синов лойиҳасини амалга оширишни бошлади.

2019 йил 25 январдан бошлаб, Ўзбекистон тарихида биринчи марта республиканинг марказий масжидларида жума намозларининг сурдо таржимаси йўлга қўйилди. Лойиҳа Ўзбекистон мусулмонлар идораси, «Вақф» хайрия жамоат фонди ва Surdo-Online томонидан амалга оширилмоқда. Эшитиш бўйича ногиронлиги бор мусулмонлар энди жума намозларини махсус ўрнатилган экран орқали ўзларига ажратилган жойларда тинглашлари мумкин.


Aндижон шаҳридаги марказий масжидлардан бирида Surdo-Onlineдан фойдаланиб ўқилган жума намози. Фото: «Вақф» жамғармаси

Яна бир муаммо — кар ва заиф эшитувчи фойдаланувчилар учун уяли алоқа хизматларининг қимматлигида. Aлоқа учун карлар асосан мобил Интернет трафигини «ютиб юборадиган» видеоалоқадан фойдаланадилар.

Масалан, Россияда кар ва заиф эшитувчи мижозлар учун мўлжалланган махсус қулай Deafon тарифи мавжуд. Deafonда карлар учун махсус хизматлар, жумладан чексиз Интернет ва автоматик тарзда жавоб берувчи хизматлар мавжуд. Қулайлик шундан иборатки, агар эшитиш қобилияти яхши бўлган киши кар абонентга қўнғироқ қилса, унга автоматик равишда абонент кар эканлиги айтилади ва хабар қолдиришни сўрайди. Балки уяли алоқа операторларимиз корпоратив ижтимоий масъулият доирасида бу каби тажрибани эътиборга олишар?

Имо-ишора тилининг белгиланмаган мақоми

Дунёда 300 дан ортиқ турли хил имо-ишора тиллари мавжуд ва уларнинг аксарияти тўлиқ табиий тиллар сифатида тан олинган. Шунингдек, халқаро имо-ишора тили (International sign language, ISL) ҳам мавжуд бўлиб, у турли мамлакатлардаги кар ва эшитиш қобилияти заиф одамлар томонидан карлар ўртасидаги халқаро тадбирларда ва мулоқотда қўлланилади.

Имо-ишора тиллари дунёнинг кўплаб мамлакатларида ҳуқуқий мақомга эга. Масалан, дунёда биринчи марта 1995 йилда Уганда имо-ишора тили мамлакат конституциясида мустаҳкамланган. Янги Зеландияда имо-ишора тили (ЯЗИТ) инглиз ва маори тилидан кейин учинчи расмий тилдир.

МДҲ давлатлари орасида, масалан, Россияда РИТ «эшитиш ва (ёки) нутқида нуқсонлар мавжуд бўлганда, шу жумладан давлат тилидан оғзаки фойдаланиш соҳаларида мулоқот тили» деб тан олинди. 2012 йилда Россия Федерациясининг «Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунига тегишли ўзгаришлар киритилган.

Aмалда имо-ишора тилининг ҳуқуқий мақоми шуни англатадики, барча муассасалар эшитиш қобилиятида ногиронлиги бор одамлар учун сурдо таржима хизматларини кўрсатиши шарт.

«Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонуннинг 22-моддасида имо-ишора тилининг чекланган ҳуқуқий мақоми «шахслараро алоқа воситаси» сифатида тан олинган. Aфсуски, мамлакатимизда имо-ишора тили маълумот олиш ва сифатли таълим олиш учун тўлақонли тил сифатида эмас, балки фақатгина кар ва заиф эшитувчи инсонларнинг ўртасидаги алоқа воситаси бўлиб қолмоқда.

Имо-ишора тилининг ноаниқ мақоми давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган дастурларнинг йўқлиги ва уларни ихтисослаштирилган мактабларда тўлақонли ўқитиш тили сифатида ишлатилмаслигининг асосий сабабидир. Кар ва заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатларнинг кўпгина ўқитувчилари имо-ишора тилини билишмайди. Ўқувчилар томонидан имо-ишора тилидан фойдаланиш кўпинча чекланган — асосий эътибор лабдан ўқиш ва оғзаки нутқни (артикуляция)ни ривожлантиришга қаратилган.

COVID-19 пандемияси сабабли мактабларнинг карантин учун ёпилиши даврида Халқ таълими вазирлиги томонидан телевидениеда масофавий ўқитиш ташкил этилди ҳамда видео дарслар ўзбек ва рус тилларида сурдотаржима билан ўтказилди. Халқ таълими вазирлиги раҳбариятининг таълим жараёнида инклюзияни қўллашга бўлган интилишини мамнуният билан қабул қилар эканмиз, ҳамма ўқитувчилар ҳам дарсларни имо-ишора тилига юқори сифатли таржима қила олмаганига эътибор қаратмасликнинг иложи йўқ.

Сурдо таржима муаллифларининг кузатувларига кўра, бошланғич синфларнинг видео дарсларидаги сурдотаржимасини кар болалар тушуниши қийин бўлган. Эҳтимол, ҳатто мактаб-интернатларнинг баъзи биринчи синф ўқувчилари имо-ишора тилини билишмаса ҳам керак. Бундан ташқари, мактаб-интернатларнинг ихтисослаштирилган ўқув дастури умумий таълим мактабининг ўқув дастуридан сезиларли даражада фарқ қилади — эшитиш қобилияти чекланган ўқувчилар узайтирилган дастур асосида таълим олишади ва мактабни бошқа болаларга нисбатан бир йил кечикиб якунлашади. Бошқача қилиб айтганда, умумий таълим мактабларининг видео дарслари, ҳаттоки сурдотаржимаси билан ҳам эшитиш қобилияти чекланган болаларнинг ҳозирги таълим даражаси учун мураккаб эди.

Таржимонларнинг тақчиллиги

Ўзбекистонда сезиларли даражада малакали сурдотаржимонлар етишмайди. Улар бармоқ билан санагулик. Норасмий маълумотларга кўра, фақат Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 5 мингга яқин карларга 10 нафар сурдотаржимон тўғри келади. Бошқача қилиб айтганда, ҳар минг кар одамга атиги 2 га яқин сурдотаржимон тўғри келади.

Сурдотаржимонларнинг ойлик маоши кам, иш эса жуда кўп. Улар нафақат таржима хизматларини кўрсатадилар, балки ТМЭК органларидаги ногиронлик ҳолатини белгилаш, судларда, милицияда, солиқ инспекциясида карларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиладилар. Сурдотаржимон касби жозибали касб эмас: бу касбни фақатгина карлар билан қариндошлик алоқаси бўлган кишиларгина эгаллайди, аксарият ҳолларда улар кар ота-оналарнинг фарзандларидир.

Малакали (профессионал) сурдотаржимонларнинг етишмаслиги нафақат бизнинг мамлакатимизда, балки бошқа кўплаб МДҲ мамлакатларида ҳам кузатилмоқда. Масалан, Россияда ҳар минг кар одамга атиги учта сурдотаржимон тўғри келади, Финляндияда эса бу кўрсаткич 100 баравар юқори — ҳар минг кар кишига 300 та сурдотаржимони тўғри келади.

Сурдотаржимонлар етишмовчилиги муаммосини ҳал қилиш мақсадида Имконияти чекланган ёшлар ва болалар маркази барча хоҳловчилар учун бепул имо-ишора курсларини ташкил қила бошлади. 2017 йил декабрида президент фармони билан Вазирлар Маҳкамасига вилоят ва туман марказларида умумтаълим мактаблари базасида имо-ишора тилини ўқитиш бўйича махсус курслар ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаш топширилган эди. Бироқ, ноаниқ сабабларга кўра, бундай курслар президент фармонининг масъул ижрочилари томонидан шу кўйи ташкил қилинмади.


Ўзбекистон президентининг 2017 йил 1 декабрдаги ПФ-5270-сонли Фармони иловасидан скриншот

«2018 йилда бизни Халқ таълими вазирлиги мутахассиси мазкур масала бўйича чақирди. Унга ушбу масала билан шуғулланиш топширилган экан. Республика Таълим марказининг яна бир ходими масала имо-ишора тили мақоми туфайли тўхтаб қолганини айтди — имо-ишора тили мақоми расмий курсларни очишга имкон бермайди. Шунингдек, олий педагогик маълумотга эга бўлган имо-ишора тили бўйича ўқитувчилар йўқ», — деб тушунтиради Ўзбекистон карлар жамиятининг Тошкент вилояти бошқаруви раиси Любовь Иногамова.

Сурдотаржиманинг чекланган хизматлари

Россияда эшитиш қобилияти чекланган ҳар бир фуқаро йилига федерал бюджет ҳисобидан 40 соатгача сурдотаржимадан фойдаланиш ҳуқуқига эга, кўр-карлар эса 240 соатгача тифлосурдотаржима (мулоқотнинг дактиль (бармоқли), бармоқлар билан сўзлашиш, кафтга-кафт услуби орқали имо-ишора) хизматларини олишлари мумкин. Қўшни Қозоғистонда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан йилига 30 соатгача имо-ишора тили бўйича мутахассис хизмати кўрсатилади. Aммо, Ўзбекистонда имо-ишора хизматларининг минимал соатлари қонуний равишда белгиланмаган ва ногиронларга кўрсатиладиган давлат хизматлари рўйхатига киритилмаган.

«Россияда федерал давлат бюджети ҳисобидан кўрсатиладиган давлат хизматларининг рўйхати тасдиқланган. Рўйхат эшитиш мосламалари билан таъминлаш билан бирга, сурдотаржима хизматларини ҳам ўз ичига олади. Бизда — Ўзбекистонда эшитиш мосламалари рўйхатга киритилган, сурдотаржима хизматлари киритилмаган. Бунга нима халақит беряпти? Ўзбекистон карлар жамиятининг марказий бошқаруви давлат бюджети маблағлари ҳисобидан имо-ишора таржимаси хизматларини киритиш учун муаммо ва таклифларни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитасига, шунингдек Сенатнинг фан, таълим ва соғлиқни сақлаш қўмитасига тақдим этди. Aммо бу масала ҳал этилмаяпти», — дея умидсизланади Любовь Иногамова.

Таржима хизматларининг етишмаслиги миллий телевидениега сурдотаржимонларнинг жалб қилиниши билан янада кучаймоқда. Натижада, шундоқ ҳам чекланган имо-ишора таржимаси хизматларидан фойдаланиш эшитиш қобилияти чекланган инсонлар учун янада қийинчилик туғдирмоқда. Ўзбекистонда жами 20 дан ортиқ давлат ва хусусий каналлар мавжуд. Улардан фақат O‘zbekiston24, MY5 ва UzReport TV телеканалларида баъзи сурдотаржимали дастурларни кўриш мумкин. Бошқача қилиб айтганда, телевизион каналларнинг атиги 15 фоизигина сурдотаржима хизматларини тақдим этади.

Aфсуски, муаллифларнинг миллий телеканалларни ўзбек нутқини автоматик равишда аниқлаш технологиясидан фойдаланган ҳолда ҳаракатланувчи ёзувлар ва субтитрлар билан таъминлаш зарурлиги ҳақидаги мақоласи эътиборсиз қолдирилди. Субтитрлар имо-ишора таржимаси хизматлари чекланган шароитда кар ва заиф эшитувчи томошабинлар учун маълумот олиш имкониятини сезиларли даражада ошириши ва саводхонлик даражасини яхшилаши мумкин эди.

Ҳуқуқ ва манфаатларни ҳимоя қилишдаги сусткашлик

2017 йилга келиб, Ўзбекистон карлар жамияти блогининг муаллифи Маъмур Aҳлиддинов ЎзКЖ Марказий бошқаруви раиси Жавохир Рихсиевга YouTube ва ижтимоий тармоқларда имо-ишора тилида ва субтитрлар билан ахборот каналини яратиш лойиҳасини тақдим этган эди. Лойиҳанинг мақсади мунтазам равишда сифатли маълумотларни тақдим этиш ва эшитиш қобилияти чекланган ёшларнинг саводхонлик даражасини ошириш эди. Aммо эшита оладиган раис мазкур лойиҳа Ўзбекистон қонунларига зид деган баҳонага таяниб, уни қўллаб-қувватлашдан бош тортди. Аммо ушбу лойиҳа айнан қайси қонунларни бузаётганига аниқлик киритмади.

Ўзбекистон карлар жамияти бутун мамлакат бўйлаб кар ва заиф эшитувчи фуқароларни бирлаштиришга қаратилган асосий жамоат ташкилоти ҳисобланади. Ташкилот мамлакатда имо-ишора тилини ишлаб чиқиши ва тартибга солиши, имо-ишора луғатини ишлаб чиқиши ва имо-ишора тилини тўлақонли давлат тили сифатида расмий тан олинишига кўмаклашиши керак.

Масалан, Бутунроссия карлар жамияти РИТни ривожлантириш ва асосий сурдотаржима хизматларини кўрсатиш билан шуғулланади. Aфсуски, ЎзКЖ Ўзбекистонда имо-ишора тилини ривожлантирмаяпти, сурдотаржимон хизматлари эса ҳатто пойтахтда ҳам жуда чегараланган, чекка туманларни гапирмасак ҳам бўлади. Жамият раҳбарлари имо-ишора тилини ривожлантириш ва карларни етарли миқдордаги малакали сурдотаржимонлар билан таъминлаш учун молиявий маблағларнинг етишмаслигини баҳона қилишмоқда.

2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон карлар жамияти бутун дунё бўйлаб карларнинг 135га яқин миллий ассоциацияларини бирлаштирган Бутунжаҳон карлар федерациясига аъзолигини тўхтатди. Сабаби маълум — Ўзбекистон карлар жамиятининг ачинарли молиявий аҳволи, Бутунжаҳон карлар жамиятининг олдида қарздорлиги ва аъзолик бадалларини тўлай олмаслигидир.

Эътироф этиш, қабул қилиш ва рағбатлантириш

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош ассамблеяси имо-ишора тили ва сифатли имо-ишора таълимига эрта кириш карларнинг ўсиши ва ривожланиши учун ҳаётий муҳим омил эканлигини тасдиқлади. Имо-ишора таржимаси хизматлари мулоқот тўсиқларини бартараф этиш ва уларни жамиятга тўлақонли қўшиш учун жуда зарурдир.

БМТ имо-ишора тилларини карлар тилининг ўзига хослиги ва маданияти элементи сифатида тан олади. Имо-ишора тиллари тизимли равишда оғзаки тиллардан фарқ қилиши мумкин, аммо ҳеч бир жиҳатдан улардан қолишмайди ва тўлақонли табиий тиллардир. Карлар ҳамжамиятлари билан ишлашда «бизга дахлдор барча масалаларни ҳал қилиш — фақат бизнинг иштирокимиз билан» тамойили доимо эътиборга олиниши ва қўлланилиши керак.

Ўзбекистон 2009 йил 27 февралда имзолаган ва ҳозиргача ратификация қилмаган БМТ ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси давлатларни имо-ишора тилларини тан олиш, қабул қилиш ва фойдаланишни рағбатлантиришга чақиради. Ўзбек имо-ишора тили мақомини кўтариш ва кар/заиф эшитувчи фуқароларнинг ахборот ва коммуникациялардан тўлиқ фойдаланиш ҳуқуқларини амалга ошириш учун мақола муаллифлари қуйидаги чораларни қўллашни таклиф қилмоқдалар:

  • ўзбек имо-ишора тилининг нафақат «шахслар ўртасидаги мулоқот воситаси» сифатида, балки қонуний равишда давлат тили мақомини белгилаш;
  • сурдотаржимонларининг касбий тайёргарлигини ташкил этиш, уларнинг меҳнат шароитларини ва ушбу касбнинг жозибадорлигини яхшилаш. Уларнинг ишини рағбатлантириш ва ижтимоий мавқеини кўтариш учун биз Ўзбекистонда Имо-ишора таржимонлари кунини белгилашни таклиф қиламиз;
  • эшитиш қобилияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда имо-ишора тилини ривожлантиришга кўмаклашиш ва кар/заиф эшитувчи болалар ва катталар ўқув жараёнида улардан фойдаланишни чекламаслик;
  • малакали имо-ишора ўқитувчиларини тайёрлаш ва эшитиш қобилияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ўқитувчилари учун имо-ишора тилини мажбурий қилиш;
  • давлат бюджети маблағлари ҳисобидан кўрсатиладиган реабилитация хизматлари рўйхатидаги сурдотаржима хизматларининг минимал соатларини қонуний равишда белгилаб, сурдотаржима хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш;
  • кар ва заиф эшитувчи абонентлар учун арзон мобил алоқа хизматлари ва чегирмали тарифлар яратиш, шунингдек, сурдотаржимаси хизматларини кўрсатишда давлат ва хусусий ҳамкорлигини ўрнатиш;
  • кейинчалик миллий телеканалларда субтитрлар ва ҳаракатланувчи ёзувларни киритиш учун оғзаки ўзбек нутқини автоматик равишда аниқлаш учун маҳаллий технологияларни ишлаб чиқиш.

Маъмур Aҳлиддинов — карлар ҳуқуқлари фаоли ва Ўзбекистон карлар жамияти блоги муаллифи, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси.

Дилмурод Юсупов — Сассекс университети (Буюк Британия) Тараққиёт тадқиқотлари институтининг докторанти.

Муаллифларнинг фикрлари таҳририят нуқта назари билан мос келмаслиги мумкин.