Россияда COVID-19 пандемияси муносабати билан чет эл фуқаролари ва РФ фуқаролигига эга бўлмаган шахсларнинг доимий ёки вақтинчалик яшаш муддатлари 15 декабрга қадар узайтирилди. Мазкур ўзгариш Россия президентининг тегишли фармонида назарда тутилган, дея хабар берди РИА Новости.

Ушбу давр давомида Россиядан маъмурий равишда чиқариб юбориш, депортация қилиш, вақтинча мамлакатда истиқомат қилиш муддатини қисқартириш, қочқинлик мақомидан маҳрум қилиш, вақтинчалик бошпана бериш, илгари берилган визаларни бекор қилиш, ишлаш учун рухсатномалар, патентлар бериш ва бошқалар тўғрисида қарорлар қабул қилинмайди.

Ҳужжат шунингдек, шахсни тасдиқловчи ҳужжатларининг амал қилиш муддати 14 мартдан кейин тугаган чет элликларга ушбу ҳужжатлари асосида ўз юртларига чиқиб кетишга рухсат берилади.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ноқонуний равишда Россия Федерацияси ҳудудида бўлиб турган ўзбекистонликларни берилган ҳуқуқдан фойдаланишга ва ИИВга мурожаат қилган ҳолда, 15 декабрга қадар мамлакатда бўлишларини яшаш жойлари орқали қонунийлаштиришга, шунингдек ишлаш учун рухсатнома (патент) расмийлаштиришга чақирди.

Аввалроқ бош вазирнинг маслаҳатчиси Меҳриддин Хайриддинов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Россия ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Александр Горов билан учрашган эди. Томонлар миграция соҳасидаги ҳамкорлик ва Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг аҳволини муҳокама қилишди.