19 сентабрь куни Ўзбекистон фуқароларини махсус поездга чиқариш чоғида йўловчилардан бири — 1987 йил 13 сентабрда туғилган Р. Ж. «Лихая» станцияси олд томонидаги майдонда ўзини ёмон ҳис қила бошлаган ва тез тиббий ёрдам етиб келгунича у вафот этган. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаментига таяниб маълум қилди.

Ўзбекистоннинг Ростов-Дон шаҳридаги Бош консулхонаси берган маълумотга кўра, бу ватандошимиз палаткали лагерда яшамаган. Санкт-Петербург шаҳридан етиб келгач, Р.Ж. соғлиги ёмонлашгани сабабли 14 сентабрь куни Шахти шаҳри Марказий шаҳар шифохонасига ётқизилган ва у ердан «Лихая» станциясига олиб борилган.

Фуқаронинг коронавирус билан касаллангани тасдиқланмаган. Марҳумнинг жасади чартер рейс орқали Ўзбекистонга жўнатилган.

161.ru нашри аввалроқ Россиянинг Ростов вилояти Каменск-Шахтинск шаҳрида барпо этилган мигрантлар учун чодирли лагерда Ўзбекистон фуқаросининг вафот этгани ҳақида хабар берган эди.

Маҳаллий маъмурият раҳбари вазифасини бажарувчи Александр Срибнойнинг сўзларига кўра, у Россияга отаси билан ишлашга келган. Шаҳар марказий шифохонасида унинг бир томонлама пневмания ва қон-томир касаллигига чалингани аниқланган. Шунингдек, нашр унинг коронавирусга чалинганини маълум қилган.