23 сентябрь куни Ўзбекистон Либерал Демократик партиясининг сиёсий фракцияси йиғилишида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Ички ишлар вазирлиги ташаббуси билан Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган «Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қонун лойиҳаси муҳокама қилинди, дея хабар қилди Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев.

Уинг сўзларига кўра, мазкур қонун лойиҳасида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддасига ўзгартириш киритиш таклиф этилган. Бунда, ушбу кодекснинг 54-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик, яъни «Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш» борасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир содир этиб ҳаракатланаётган транспорт воситаларини вақтинча ушлаб туриш мақсадида жарима майдонига жойлаштириш тартибини жорий этиш таклиф қилинмоқда.

«Бундан кўриниб турибдики, амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс талабларига асосан фуқаро автомобилини ушбу кодекснинг 54-моддаси, яъни эпидемияга қарши кураш талабини бузганлик учун жарима майдончасида мажбурий ушлаб туриш мумкин эмас», — деб ёзади депутат.

Депутат ИИВ вакили берган маълумотга асосланиб, мамлакатда карантин чекловлари жорий этилган муддат давомида 26 мингдан ортиқ ушбу турдаги қоидабузарликлар аниқлангани ва транспорт воситалари жарима майдонларига вақтинча ушлаб туриш учун олиб кирилганини маълум қилди. Бироқ ИИВ ЙҲХББ маълумотларига кўра, 15 сентябрь куни карантин қоидалари бузилгани учун 155,8 мингдан ортиқ автомобиллар жарима майдонларига жойлаштирилган.

«Таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг мақсадидан келиб чиқадиган бўлсак, бугунги кунга қадар Ички ишлар ходимлари томонидан МЖтКнинг 54-моддаси асосида 26 мингдан ортиқ транспорт воситалари жарима майдонларига ноқонуний тарзда олиб кирилганлигини англатадими? Карантин қоидалари бузилганда автомашина жарима майдонига қўйилишини қонуний деб жар солган ИИВ ушбу қонун лойиҳаси билан энди бу ҳолатларни нотўғри эканлигини тан олмоқда?» — деб сўради парламент аъзоси.

«Агар бундай бўлмаса, хўш унда нима сабабдан кодексга ўзгартириш киритиш таклифи илгари сурилмоқда? Бу шу кунга қадар амалга оширилган, лекин қонуний асосга эга бўлмаган „хатоликларни тўғрилаш“ учунми? Нима учун бу таклиф автомобиллар ҳаракатига доир карантин чекловлари бекор қилинган вақтда илгари сурилмоқда?» — дея яна савол беришда давом этади депутат.

Дониёр Ғаниевнинг таъкидлашича, агар Ички ишлар вазирлиги қонун лойиҳасида таклиф этилаётган ўзгаришларни ўз вазифаларини бажариш ва қонунчилик даражасида тегишли қонунчилик базасини яратиш учун муҳим деб ҳисобласа, парламент буни қўллаб-қувватлашга тайёр. Шу билан бирга, у қонунчилик ҳужжатлари ва уларнинг бажарилиши ўзаро бир-бирига мос келиши керак, биринчи навбатда қонун устуворлигини таъминлаш керак, деб ҳисоблайди у.

«Шу боис, таклиф қилинаётган қонун лойиҳаси маъқулланишидан олдин ИИВ ҳам ўз хатосини тан олиши ва бугунги кунга қадар МЖтКнинг 54-моддаси асосида транспорт воситаларини жарима майдонларида ушлаб туриш ортидан фуқаролар томонидан тўланган маблағларини қайтаришлари энг тўғри йўл бўлади!», — деди Дониёр Ғаниев.

Депутат Расул Кушербаев аввалроқ Маъмурий жавобгарлик кодексининг 54-моддасига биноан автомобилни вақтинча ҳибсга олиш қонунни бузиш эканлигини таъкидлаган эди.

«Эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун автомобил жарима майдонига қўйилмаслиги ҳақидаги қонун талабини айтганимда бир қатор идоралар бундан кўз юмиб, йўқ ҳаммаси қонуний тўғри, деб оғзимизни ёпишга уринишган эди. Аслида буни ўрта маълумотга эга фуқаро ҳам билиб турибди», — деди у.

Парламент аъзоси Ички ишлар вазирлиги хатони парламент орқали «жимгина» тузатишга уринаётганини тахмин қилмоқда.

«Бу «қовун тушириш»дан жабр қўрган камида 26 мингдан ортиқ фуқаролар олдида эртага ким «крайный» айбдор қилинади? Депутатларми? Унда ким жарима майдонида автомобиллар ғайриқонуний ушлаб турилгани учун пул тўлайди?» — деб сўради Расул Кушербаев.

Июнь ойи ўрталарида Тошкент шаҳрининг Миробод туман маъмурий суди рухсатнома стикерисиз машина бошқарганлиги учун жаримага тортилган ҳайдовчига нисбатан маъмурий ишни бекор қилди. Унинг автомобилининг жарима майдонида сақланиши ноқонуний деб топилди.