2020 йил бошидан бери Ўзбекистон ташқи қарзининг умумий ҳажми 12,7 фоизга, яъни 3,1 млрд долларга ошган. Бу ҳақда Марказий банк ўзининг 2020 йил биринчи ярим йиллиги бўйича Ўзбекистоннинг ҳалқаро инвестицион позицияси ва ташқи қарз тўғрисидаги ҳисоботида маълумот берди.

1 июль ҳолатига кўра ташқи қарз миқдори 27,6 млрд долларни ташкил қилмоқда.

Фото: Марказий банк ҳисоботидан.

«2020 йилнинг I ярим йиллигида давлат сектори қарздорлигининг ўсиши 1,7 млрд долларни ташкил қилди. Глобал пандемия ва иқтисодий фаолликнинг пасайиши сабабли Ўзбекистоннинг суверен облигациялари қиймати фонд бозорларида биржа котировкаларининг пасайиши натижасида 2020 йилнинг бошига нисбатан камайди», — дейилади ҳисоботда.

Шунингдек, хусусий сектор томонидан умумий миқдорда 2,1 млрд доллар қарздорлик жалб қилинган. Қарзларни жалб қилиш асосан банклар — 1,8 млрд доллар, текстиль ва тўқимачилик сектори корхоналари — 71 млн доллар ва иқтисодиётнинг бошқа секторлари томонидан — 154 млн доллар миқдорда амалга оширилган.

Ҳисоботда айтилишича, ушбу давр мобайнида давлат ташқи қарзи бўйича 261 млн доллар миқдордаги асосий қарз ва 168 млн доллар миқдордаги фоиз тўловлари амалга оширилган. Бунда, хусусий ташқи қарз тўловлари асосий қарз бўйича 719 млн доллар ва фоиз тўловлари бўйича 195 млн долларни ташкил қилди. Бунинг энг катта қисмини нефт-газ ва энергетика сектори корхоналари ҳамда банклар амалга оширмоқда.

Маълумот учун, 2019 йилнинг охирида Ўзбекистоннинг жами ташқи қарзи 1 октябрь ҳолатига кўра 21,5 млрд долларни ташкил этгани ҳақида хабар берган эдик.