21 сентябрь куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов раислигида ташқи савдони Тариф ва нотариф тартибга солиш кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди, дея хабар қилди ИТСВ матбуот хизмати.

Йиғилиш давомида тўқимачилик саноатида қўлланиладиган технологик ускуналар ва бутловчи қисмларга солинадиган импорт божхона тўловлари ставкаларини камайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, алоҳида маҳсулот позициялари учун утилизация йиғимини нольга тенглаштириш истиқболлари ўрганилиб, бир қатор маҳсулот турлари (айнан қайси турлар экани айтилмаган) учун импорт божхона тўловларининг ўзгаришига оид хўжалик юритувчи субъектларнинг мурожаатлари кўриб чиқилди.

«Газета.uz»нинг кенгашдаги ахборот манбасининг маълум қилишича, гап яна юк машиналари, қуюлтирилган сут, алкилбензол ва соя оқсили изолатлари импорт божларини ўзгартириш (пасайтириш) ҳақида кетмоқда.

Йиғилишда, шунингдек, бутловчи буюмлар, шу жумладан йиғув ишлаб чиқаришга мўлжалланган буюмларга ТИФ ТН кодларини таснифлашни янада такомиллаштириш, маҳсулот ва ишлаб чиқариш жараёнларининг техник жиҳатдан тартибга солиниши ва техник регламентларини халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш бўйича самарали чора-тадбирлар қабул қилишга эътибор қаратилади.

Йиғилиш якунларига кўра, Кенгаш котибиятига вазифаси ташқи иқтисодий фаолият соҳасида тезкор қарорлар қабул қилишнинг янада мослашувчан механизмларидан фойдаланишни назарда тутувчи ташқи савдони тартибга солиш бўйича мутлақо янги тизимни жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш бўлган ишчи гуруҳ тузиш топширилди.