Айни дамда Ўзбекистонга қайтиш истагида бўлган Россия Федерациясининг Қозоғистон билан чегара олди ҳудуди Самара вилоятида тўпланиб қолган фуқароларни ватанга олиб келиш мақсадида махсус автобус қатнови ташкил этилди, дея хабар қилди Транспорт вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Мазкур автобус қатновлари Транспорт вазирлиги ҳузуридаги «Uzautotrans service» корхонаси томонидан амалга оширилади. Бугун 15 та автобусдан иборат илк карвон (калонна) Россиянинг Самара вилоятига йўлга чиқди. Ушбу қатнов барча санитария қоидалари ва Қозоғистон ҳамда Россия томонидан қўйилган талабларга қатъий амал қилган ҳолда бажарилмоқда.

Қатновни бажаришга жалб этилган 40 нафар ҳайдовчининг барчаси йўлга чиқишдан аввал коронавирусга тесттопширишди. Лаборатория таҳлили натижаларидан сўнг уларга тегишли маълумотнома берилди. Шундан сўнг, ташувлар хавфсизлигини таъминлаш ва қатнов давомида нималарга эътибор бериш лозимлиги юзасидан кўрсатмалар берилди.

Режага мувофиқ автобуслар 25 сентябрь куни белгиланган манзилга етиб боришади. Шу куннинг ўзида автобуслар 700 дан ортиқ йўловчиларни олиб Ўзбекистон томон йўлга чиқади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ тахминан 4500 нафар Ўзбекистон фуқароси Самара яқинидаги вақтинчалик чодир лагеридан Тошкентга кетишга ҳаракат қилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Бир неча кун муқаддам эса маҳаллий блогерлардан бири мазкур лагернинг юқоридан олинган видеосини жойлаштирди.