ИИББ ахборот хизмати «ҳижоб кийган аёлларнинг ушланиши» воқеасига изоҳ берди. Хабарга кўра, интернетда тарқалган видеолар нотўғри талқин қилинган ва фуқароларга озор берилмаган.

«Мазкур фикрлар ҳақиқатдан йироқ. Рўмол ўраган аёлларга ҳеч қандай озор берилаётгани йўқ, бундай топшириқлар бўлмаган, бўлмайди ҳам», — дея изоҳлаган Тошкент шаҳар ИИББ.

ИИББ хабарига кўра, С.Н. ва Н.Р. лар жамоат жойида тиббий ниқобсиз бўлган ва санитария-эпидемиология хизмати вакиллари ва профилактика инспекторлари томонидан профилактик суҳбат ўтказилиши учун автобусга таклиф қилинган. Видео эса уларнинг автобусга чиқаётган вақтида тасвирга туширилган. Воқеа 21 сентябрь куни тахминан соат 19.25 да Шайхонтоҳур тумани Ғунча массиви ҳудудида рўй берган.

«Аёлларни автобусга таклиф қилишдан ягона мақсад — коронавирус инфекцияси тарқалиши муносабати билан хавфсизлик меъёрларига риоя қилиш муҳимлиги ҳақида сантария-эпидемиология назорати хизмати ва профилактика инспекторлари томонидан профилактик суҳбатлар ўтказилиши бўлган. Агар видео муаллифи автобусдаги аёллардан хавотирда бўлганида, ходимларнинг ёнига бориб, нима бўлаётгани ҳақида қизиқиб кўрган бўлмасмиди?» — дея ёзган ИИББ ўз изоҳида.