22 сентябрь куни Навоий вилоятининг Учқудуқ туманида иккита автомашин иштирокида ЙТҲ юз бериши оқибатида икки киши ҳалок бўлган ва яна уч киши тан жароҳатлари олиб, касалхонага ётқизилган. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг матбуот хизмати хабар берди.

Соат 17:00 атрофида Lacetti русумли автомашина ҳайдовчиси 21 ёшли Н.Д. бошқарувни йўқотиб қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиши оқибатида ушбу йўналишда ҳаракатланиб келаётган 24 ёшли Ж.Ж. нинг бошқарувида бўлган Nexia русумли автомашина билан тўқнашиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.

Оқибатда Nexia русумли автомашинада бўлган йўловчилар 26 ёшли С.М. ва 57 ёшли Р.Д. лар ҳодиса жойида вафот этган. Яна 3 нафар йўловчи турли даражадаги тан жароҳатлари билан тиббиёт муассасасига ётқизилган.

Ҳолат юзасидан Навоий вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-модда 3-қисми «а» банди (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.