Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан эълон қилинадиган расмий статистика маълумотлари ёлғон бўлиши мумкин. Вазирлик ҳудудлар бўйича батафсил статистика беришни тўхтатди, олдинроқ эса вафот этган COVID-19 беморларининг жинси, ёши, исм-шарифларининг бош ҳарфлари ва яшаш (даволаниш) жойлари тўғрисидаги маълумотларни очиқламай қўйган эди.

Бир неча ойдан буён ССВ статистик маълумотларни кунига уч маротаба — соат 10:00 да, 17:00 дан кейин ва 23:30 лар атрофида эълон қилиб келаётган эди. Хусусан, 21 сентябрь куни эрталаб вазирлик икки нафар коронавирус беморининг — Тошкентлик 65 ёшли З.Ч. ва 46 ёшли Х.И.нинг вафоти ҳақида хабар берди. Шу куни кундузи вафот этганлар тўғрисидаги статистикада пойтахтлик 62 ёшли Х.Ш. ва 31 ёшли С.Б. қайд этилган. Кечқурунги хабарда эса бир аёлнинг ўлими ҳақида хабар берилган, лекин унинг исмининг бош ҳарфлари, ёши ёки яшаш жойи ҳақида маълумот берилмаган. Ушбу кун бўйича ССВ тақдим этган батафсил маълумотларда Тошкент вилояти бўйича битта янги ўлим ҳолати қўшилганини кўришимиз мумкин.

22 сентябрь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги икки нафар бемор вафот этганлиги тўғрисида маълумот бериб, уларнинг фақат жинсини кўрсатди, кундузи фақатгина вафот этганлар сони эълон қилинди, кечаси эса вафот этганлар тўғрисида маълумот берилмади. Кун охирида тасдиқланган ҳолатлар, соғайганлар ва вафот этганлар тўғрисида ҳудудлар бўйича статистик жадвал ҳам эълон қилинмади.

Ушбу ўзгаришлардан олдин Daryo.uz нашрининг расмий статистикани таҳлил қилган ва «Тошкент вилоятида коронавирус беморлари 2−3 кунда тузалиб кетаётганлигини аниқлаган» мақоласи эълон қилинган эди.


ССВ жадвалига мувофиқ, 21 сентябрь куни 23:30 ҳолатига кўра, Тошкент вилоятида 9761 нафар киши коронавирус билан зарарланган, 9210 киши тузалган ва 67 киши вафот этган. Даволанаётган беморлар сони — 484 киши.

18 сентябрь куни вилоятда 123 та янги коронавирус ҳолатлари қайд этилган, 19 сентбярь куни 122 та, 20 сентябрь куни 121 та, 21 сентябрь куни 131 та, жами тўрт кун ичида 497 та. Ушбу давр мобайнида 8 нафар беморнинг вафот этганлиги тўғрисда расман хабар берилган.

«Агар касаллик аниқланганлар сонидан (497) вафот этганлар сонини (8) айирсак, 489 рақами чиқади. Даволанишни давом эттираётганлар сони 484 нафарни ташкил этаётгани инобатга олиб, хомаки ҳисоб-китоб қилинса, гўё 18 сентябрдан олдин COVID-19 қайд этилганларнинг барчаси соғайиб бўлгану-у, охирги 4 кун ичида коронавирусга чалинганлардан камида 5 нафари соғайишга улгурган бўлиб чиқади. Энг биринчи касалланганлар биринчи бўлиб тузалган деб фараз қилсак, ушбу 5 беморда 18 сентябрда касаллик аниқланган ва улар орадан 3 кун ўтиб соғайган», — деб ёзади Daryo.uz

14 сентябрдан 18 сентябргача, 11 сентябрдан 14 сентябргача, 9 сентябрдан 12 сентябргача ўтказилган давр бўйича ҳам худди шундай таҳлил ўтказилганда, беморлар 3 кун ичида ёки ундан эртароқ соғайганлиги маълум бўлади. Бундан ташқари, 100 нафар беморнинг 2 кун ичида тузалгани мисоли ҳам келтирилган. Daryo.uz маълум қилишича, бу тенденция август ойидан бери кузатилмоқда. «Газета.uz» изоҳ олиш учун ССВ матбуот хизмати билан боғлана олмади.

Daryo.uz нашри бундай тез тузалиб кетиш ёки мўжиза, ёки ёлғон эканлигини айтмоқда.

Апрель ойида коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулло Оқилов COVID-19дан тузалиш учун ўртача 10−15 кун керак бўлиши, оғир ҳолатларда даволаниш бир ойгача чўзилиши мумкинлиги ҳақида айтган эди.

Сентябрь ойи бошида Чирчиқ прокурори Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан очилган жиноий иш бўйича изоҳ бериб, август ойи бошида вафот этган анестезиолог-реаниматолог Фаррух Рустамовнинг касаллик тарихида у COVID-19дан буткул тузалгани ҳақидаги ёлғон хабарлар бўлганини айтган эди.

Вафот этганларни расмий статистикага қўшиш жараёни ҳам баъзи саволларни туғдиради. «Газета.uz» Тошкент шаҳрида яшаган, лекин даволанишни Германияда ўтаб, ўша ерда вафот этган бош вазир ўринбосари Ўктам Барноевнинг ўлим ҳолати пойтахтдаги COVID-19 ўлимлари статистикасига қўшилгани ҳақида ёзган эди. Шу ўринда, коронавирус асоратларидан вафот этган Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарган Карим Камалов у доимий яшаган Бухоро вилоятида эмас, балки Тошкент бўйича ўлим ҳолатлари статистикасига киритилган эди.

Олдинроқ «Газета.uz» Ўзбекистонда 2020 йилнинг июль ойида қайд этилган ўлимлар сони ушбу ой бўйича сўнгги 4 йилги (2016−2019) ўртача кўрсаткичга қараганда 26,4%га, Тошкент шаҳрида 166%га, Тошкент вилоятида 43,8%га, Навоий вилоятида 51,7%га ўсгани ҳақида хабар берган эди. Таҳририят 9 сентябрдан буён ўлим даражасининг ошиш сабабларига изоҳ олиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига бир неча маротаба мурожаат қилди, лекин жавоб олмади.