ЖССТ бир ҳафта давомида COVID-19 билан касалланганлар сони рекорд даражага етгани — сўнгги ҳафта ичида 2 млндан ортиқ кишининг инфекция юқтиргани ҳақида хабар берди.

График: касалланганларнинг асосий қисмини Жанубий ва Шимолий Америка (сариқ), Жануби-Шарқий Осиёда (бинафшаранг) истиқомат қилувчилар ташкил қилади.

ЖССТ маълумотларига кўра, Жанубий ва Шимолий Америка минтақалари энг ҳавфли зона бўлиб қолмоқда. Ушбу ҳудудда 14−21 сентябрь кунлари давомида 770 мингга яқин инсон коронавирус билан касалланган. Шунингдек, ушбу кўрсатгич бўйича Жануби-Шарқий Осиё ҳам юқори сонлар кўрсатган — ҳафта давомида касалланганлар сони деярли 700 мингга ортган. Европада ҳафта давомида 362 минг нафар инсон касаллик юқтирган.

Бугунги кунда иккала Америка минтақасида умумий ҳолатлар сони 15,5 млн дан ошган. Шунингдек, Жануби-Шарқий Осиёда касалланганлар сони 6,1 млн, Европада 5,2 млн, Шарқий Ўрта Ер денгизи мамлакатларида 2,2 млн ва Африка мамлакатларида 1,1 млн дан ошган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ дунё бўйлаб коронавирус беморлари сони 30 млн кишидан ошгани ҳақида хабар берган эдик.