1 сентябрь ҳолатига расмий резерв активлари 34,6 млрд долларни ташкил қилди. Бу ҳақда Марказий банк хабар берди.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг олтин заҳиралари миқдори бир ой олдингига қараганда 1 млн унцияга камайган, яъни август ойида 2 млрд долларга 1 млн унция олтин сотилган. Шунинг ҳисобига олтин резерв миқдори жами 18,8 млрд долларни ташкил этмоқда. Олтин резервлари миқдори йил бошидан бери биринчи марта 10 млн унциядан камайди ва 1 сентябрь ҳолатига кўра 9,6 млн унцияни ташкил қилмоқда.

Бунинг эвазига валютадаги резервлар миқдори 1,8 млрд долларга кўпайиб, 15,4 млрд долларни ташкил қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон июль ойида олтин сотиш бўйича етакчига айлангани ва август ойида эса рекорд даражада олтин сотгани ҳақида хабар берган эдик.

Маълумот учун, август ойига қадар Ўзбекистоннинг ялпи олтин-валюта захиралари ҳажми йил бошидан бери 5,6 млрд долларга кўпайиб, 34,7 млрд долларга етган эди.