АҚШнинг Globus Relief хайрия ташкилоти коронавирусга қарши курашда мамлакат соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш учун Ўзбекистонга 808 минг доллар қийматидаги гуманитар ёрдам тақдим этди, дея хабар берди «Дунё» ахборот агентлиги.

Ёрдам таркибига тиббий препаратлар ва 2000 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар, шу жумладан ўпкани ҳаво билан таъминлаш учун воситалар тўплами, диагностика воситалари, стерилизация контейнерлари, антисептиклар, ногиронлар учун аравачалар, ортопедик ва жарроҳлик асбоблари киритилган.

Тақдим этилган тиббий воситалар Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларидаги давлат тиббиёт муассасаларига топширилади.

Ўзбекистонга умумий қиймати 1,8 млн долларни ташкил қилувчи гуманитар ёрдам кўрсатиш тўғрисида келишувга элчи Жавлон Ваҳобов ва АҚШнинг бир қатор хайрия ташкилотлари вакиллари ўртасидаги учрашувда эришилган.