Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесига 5 та, халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларига 9 та сайлов округида бўшаб қолган ўринларга ўтказилган депутатлар сайлови якунларини эълон қилди.

Сентябрь ойи бошида бугунги кунда Ўзбекистонда турли сабабларга кўра маҳаллий кенгашларда 143 та, шу жумладан 26 таси — Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, 117 таси — туман ва шаҳар кенгашларида ўрин бўшаб қолгани ҳақида хабар қилинган эди.

26 август куни Қорақалпоғистон МСК пандемия вақтида бўшаган ўринларга депутатлар сайловини ўтказиш тўғрисидаги қарорни қабул қилган эди.

Сайловчилар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги бешта ўринга 25 нафар номзод даъвогарлик қилди.

Қорақалпоғистон МСКнинг маълум қилишича, сайловларда жами 79 минг 167 нафар сайловчи рӱйхатга олинган. Шундан 59 минг 540 нафари яъни 75,1 фоизи овоз беришга иштирок этган.

Сайлов натижаларига кўра, Нукус шаҳри бўйича 4-сонли «Ерназар Алакўз» сайлов округидан «Адолат» социал-декмократик партиясидан Гулхатча Айимбетова, Элликқалъа тумани бўйича 20-сонли «Сарабий» сайлов округидан Тадбиркорлар ва ишбиларманлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Байрамбай Отемуратов, Беруний тумани бўйича 25-сонли «Навбаҳор» сайлов округидан Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Адилбек Реимбоев, Қўнғирот тумани бўйича 49-сонли «Қўнғирот» сайлов округидан «Миллий тикланиш» демократик партиясидан Пахратдин Айтжанов ва Қораўзак тумани бўйича 63-сонли «Қоракўл» сайлов округида Ўзбекистон Экологик партияси номзоди Мурат Камалов Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг депутати этиб рўйхатга олинди.

Шунингдек, халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларига сайлов ўтказувчи 9 та сайлов округида бўшаб қолган ўринларга энг муносиблар депутат бўлиб сайланди.

Эслатиб ўтамиз, 31 июль куни Жўқорғи Кенгеснинг собиқ раиси Муса Ерниязов коронавирус асоратларидан вафот этган эди. Қорақалпоғистон Конституциясининг 80-моддасига биноан, Жўқорғи Кенгес раиси Қорақалпоғистоннинг раҳбари ва энг юқори амалдоридир. Раис Жўқорғи Кенгестомонидан Ўзбекистон Президенти билан келишилган ҳолда Жўқорғи Кенгеснинг ваколат муддати давомида махфий овоз бериш орқали Жўқорғи Кенгес депутатлари орасидан сайланади.