20 сентябрь куни соат 6:00 атрофида Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги Gorod Night Club тунги клубида бир гуруҳ одамлар ўртасида жанжал содир бўлган. Пичоқ орқали етказилган тан жароҳатлари натижасида икки киши вафот этди, яна икки киши касалхонага ётқизилди, дея хабар берди Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдинов.

Бош прокуратура матбуот хизматининг «Газета.uz»га хабар беришича, ҳодиса «бир гуруҳ ёшлар тунги клубдан чиққанида, кўчада турган бир гуруҳ одамларнинг қизларга қаратиб бирор гап айтганида» содир бўлган. Хабарда айтилишича, можаро пайтида фуқаро С. Х. пичоқни қўлига олиб, тўрт кишини пичоқлаган ва воқеа жойидан қочиб кетган.

Оқибатда, икки киши вафот этган, қолган икки нафарининг ҳаёти сақлаб қолинган.

Ушбу ҳолат юзасидан шу куни Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан С.Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «а, л» бандлари (икки ёки ундан ортиқ шахсни, безорилик оқибатида қасддан ўлдириш), 25 (икки ёки ундан ортиқ шахсни безорилик оқибатида қасддан ўлдиришга уриниш), 97-моддаси 2-қисми «а, л» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

С. Х. процессуал тартибда ҳибсга олинган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Июнь ойида «Газета.uz» Тошкентда Кичик халқа автомобиль йўлида келиб чиққан пичоқбозлик ва бунинг оқибатида бир киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди. Можаро бизнес шериклар ўртасида дорихона даромади бўйича келишмовчиликлар туфайли юзага келган.