Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 21 сентябрь куни бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича собиқ ўринбосари, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ўктам Барноевнинг таъзияли хонадонига ташриф буюрди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати. Қуръон тиловат қилинди.

Президент марҳумнинг онаси, рафиқаси ва фарзандларига ҳамдардлик билдириб, сабр-тоқат тилади.

«Ўктамжон олижаноб, забардаст, фидойи, ватанпарвар, ўрнак олишга арзигулик инсон эди, — деди Шавкат Мирзиёев. — Бош вазир пайтларимда ҳам бирга ишладик. Гапирмасам ҳам мени тушунарди. Бир инсоннинг тарбияланиб, шундай кадр бўлиб етишиши осон эмас. Айниқса, охирги пайтлар оғир соҳани бериб, кўнглим тинчиб, кўп ишларни бошлаган эдик. Бу офат бутун дунёга келди. Қўлимиздан келган ҳамма нарсани қилдик. Лекин ўлим ҳақ. Аллоҳнинг иродаси экан. Бу ҳаммамизга мусибат. Жойи жаннатда бўлсин!»

Президент марҳумнинг оиласи, фарзандлари доимий эътиборда бўлишини таъкидлади. Ўктам Барноевнинг оила аъзолари давлат раҳбарига миннатдорлик билдириб, халқимизга осойишталик, сиҳат-саломатлик тилаб дуо қилдилар.

Ўктам Барноев 20 сентябрь куни 56 ёшида вафот этди. Сўнгги ҳафта ларда у Германияда даволанаётган эди. Аввлроқ унга коронавирус ташхиси қўйилган эди. У йил бошидан бери бош вазир ўринбосари лавозимини эгаллаб келган. 2016−2020 йилларда у Бухоро вилоятини бошқарган.