16 сентябрь куни Вазирлар Маҳкамаси «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги масалаларини кўриб чиқишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарор қабул қилди, дея хабар берди Norma.uz.

Ҳужжатга мувофиқ, ИИВ, ТИВ, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда ДХХ «Паспорт-виза» автоматлаштирилган ахборот тизими мажмуасини модернизация қилиш орқали «E-Fuqaro» Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги масалаларига оид идоралараро маълумотлар базасини жорий этди.

«E-Fuqaro» асосида фуқароликни олиш учун аризаларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш тартиблари автоматлаштирилади. Шунингдек, фуқароликни расмийлаштириш, фуқароликни тиклаш ва уни йўқотиш бўйича ягона маълумотлар базаси шакллантирилади.

Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиш, ундан чиқиш тўғрисида аризалар «E-Fuqaro» орқали реал вақт режимида қабул қилинади, дея аниқлайди Norma.uz.

2021 йил 1 январга қадар Ўзбекистон ҳудудида фуқаролик масалалари бўйича мурожаатларни ЯИДХП орқали бериш механизми жорий этилади. Хорижда доимий истиқомат қилаётган шахслар эса ТИВ сайтида жойлаштирилган интерактив консуллик хизмати орқали кейинчалик шахсан келиб мурожаат қилиш шартини инобатга олган ҳолда мурожаат қилишлари мумкин.

Фармонга бириктирилган қўшимчаларга кўра, фуқароликка қабул қилиш ёки ундан чиқиш учун аризаларни кўриб чиқиш муддати тўрт босқичдан иборат бўлиб, тахминан 45 кун давом этади ва «E-Fuqaro» базасининг ўзи октябрь ойида тўлиқ ишга туширилади.

Идоралараро маълумотлар базасини яратиш Президент томонидан март ойида имзоланган фуқаролик тўғрисидаги қайта кўриб чиқилган қонун билан таъминланган. Ҳужжат, шунингдек, Ўзбекистон фуқаролигини олиш тартибини соддалаштиради.