Чироқчида гумондорни калтаклаб, ўлдириб қўйган ИИБ ходимларига нисбатан суд ҳукми ўқилди, дея хабар берди Олий суд матбуот хизмати.

Январь ойида Қашқадарё вилояти Чироқчи туманининг Лангар қишлоғида яшовчи фуқаро Ю. А. чорва моллари ўғирлигида гумон қилиниб, туман ИИБ ходимлари томонидан қаттиқ калтакланиши оқибатида вафот этган эди. 8 сентябрь куни, беш нафар собиқ ИИБ ходимига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд бошланган эди.

21 сентябрь куни Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ушбу жиноят бўйича ҳукм чиқарди:

  • Н.Овлаев Жиноят кодексининг 241−1-моддаси (жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириш) 2-қисми «а», «б» бандлари, 234-моддаси (қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш) 1-қисми, 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) 3-қисми ва 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми «д» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор айбдор деб топилди. Унга ўташ учун узил-кесил 2 йил 6 ой ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 9 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
  • А.Жанқабилов Жиноят кодексининг 234-моддаси 1-қисми, 235-моддаси 3-қисми ва 104-моддаси 3-қисми «д» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга ўташ учун узил-кесил 2 йил ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 8 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
  • Ш.Рахмонов Жиноят кодексининг 241−1-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари, 234-моддаси 1-қисми ва 235-моддаси 2-қисми «а», «в», «г» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга ўташ учун узил-кесил 2 йил ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
  • А.Тожиноров Жиноят кодексининг 234-моддаси 1-қисми ва 235-моддаси 2-қисми «а», «в», «г» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга ўташ учун узил-кесил 2 йил ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 5 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
  • Б. Ғайратов Жиноят кодексининг 241−1-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга ўташ учун узил-кесил 2 йил ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Мазкур жиноий иш бўйича судга раислик қилувчи томонидан судланувчиларга ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати тушунтирилди.