Ўзбекистонда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимидаги лойиҳаларни тайёрлаш, амалга ошириш ва мониторинг қилиш, шунингдек, тарифларни белгилашни маҳаллий кенгашлар билан келишиш тартиби жорий қилинмоқда. Бу ҳақда жума куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилинди.

Мисол сифатида Олмалиқдаги ичимлик суви таъминоти корхонасига қарашли 52 та насос янгиланиши натижасида корхонанинг умумий харажати 22 фоизга, электр энергияси сарфи 2 бараварга қисқарган. Шаҳар аҳолиси сифатли ичимлик суви билан узлуксиз таъминланмоқда. Худди шунингдек, сўнгги 3 йилда амалга оширилган лойиҳалар натижасида Гулистон шаҳрининг ичимлик суви таъминоти масаласи ҳам тўла ҳал бўлди.

Йиғилишда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига ушбу тажриба асосида келгуси йил учун мўлжалланган 28 та янги лойиҳани маҳаллий кенгашлар билан келишиш вазифаси қўйилди. Шунингдек, жорий йилда якунига етказиладиган 360 та лойиҳани қабул қилиб олиш бўйича топшириқ берилди.

Ҳисоб-китобларга кўра, қарийб 2 мингта аҳоли пунктига марказлашган сув етказиб бериш техник жиҳатдан ҳам, иқтисодий жиҳатдан ҳам мақсадга мувофиқ эмас. Шу боис бундай ҳудудларни хусусий сектор орқали сув билан таъминлаш маъқул келмоқда.

Мисол учун, Ўзбекистон туманида ижтимоий шериклик асосида қудуқ ишга туширилиб, 6 та узоқ қишлоқдаги 11 минг аҳоли ичимлик суви билан таъминланган эди. Бунга кетган харажатлар 2 йилда ўзини қоплади. Шунингдек, Амударё туманида 8 та сув тозалаш шохобчаси қурилиб, 5 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган 7 та маҳалла тоза ичимлик суви билан таъминланган. Лойиҳа 3 йилда ўзини оқлайди.

Бу тизимнинг қулайлиги шундаки, ичимлик суви объектлари қуриш ва ускуналар харид қилиш учун хусусий секторга кредит берилиб, унинг 14 фоизидан юқори қисмига давлат томонидан субсидия ажратилади. Бугунги кунда кўплаб тадбиркорлар шундай лойиҳаларда иштирок этиш истагини билдирмоқда.

Йиғилишда мамлакат бўйлаб 27 та туманда ичимлик суви билан таъминлаш ишлари танқид қилинди. Мавжуд 70 минг километр сув қувурларининг 32 фоизи эскирган. Оқибатда улардаги йўқотишлар даражаси 40−50 фоизни ташкил этмоқда. Бу йилига қарийб 500 миллион куб метр сув ёки ўртача 300 миллиард сўм дегани. Бундан ташқари, жойлардаги насос ускуналари ва махсус техникалар ҳам таъмирталаб бўлиб қолган.

Шу боис келгуси йилдан инвестиция дастурларида соҳага ажратилаётган маблағнинг 10 фоизини сув объектларига энергия тежовчи ускуналар ўрнатиш ҳамда махсус техникалар харид қилиш учун йўналтириш зарурлиги таъкидланди.

Видеоселектор йиғилишида иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди.