Ўзбекистон Маданият вазирлиги тўй ўтказишда санъаткорлар томонидан карантин талабларининг бузилиши ҳолатларини назорат қилмаслигини маълум қилди.

Баёнотда Маданият вазирлиги ушбу хатти-ҳаракатларни маъқулламаслигини ҳамда карантин қоидалари истисносиз ҳар бир шахс учун мажбурийлигини, уни бузганларга қатъий чора кўрилишини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

«Бироқ, юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаро, қандай касб эгаси бўлишидан қатъий назар маълум ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга. Уларнинг шахсий ҳаётини назорат қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Жумладан, Маданият вазирлиги ҳам санъаткорларнинг шахсий ишларига аралашиш ваколатига эга эмас. Вазирликнинг низом билан тасдиқланган фаолият чегаралари мавжуд бўлиб, ундан ташқарига чиқиш қонунан мумкин эмас. Шахснинг жамиятдаги хатоси ёки жинояти учун чора кўришга масъул бўлган органлар қонуннинг барча учун баробарлиги тамойилига асосланган ҳолда фаолият олиб борадилар», — дейилади баёнотда.

Аввалроқ хонанда Воҳиджон Исоқовнинг Tashkent City`да 50 кишидан кўп меҳмон билан тўй ўтказгани ҳақида хабар қилинган эди. Хонанда маъмурий жавобгарликка тортилди ва БҲМнинг 5 баравари (1 млн 115 минг сўм) миқдорида жаримага тортилди.

Кейинроқ Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев тўй ўтказишда карантин қоидаларини бузган санъаткорлар фақатгина жарима тўлаш билан қутулиб қолмаслиги кераклигини таъкидлади. У Маданият вазирлигига тегишли сенаторлик сўрови юборилганини маълум қилди.