Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 127-моддасига (транспорт воситаларининг товуш чиқарувчи, ёритувчи ва бошқа қурилмаларидан фойдаланиш, уларни ўрнатиш қоидаларини бузиш) ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди.

Ҳужжат лойиҳасида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 127-моддасининг биринчи қисмига қўшимчалар киритилиб, ушбу модда қўйидаги таҳрирда баён этилмоқда:

«Товуш сигналини сабабсиз бериш, аҳоли пункти ерларида транспорт воситаларининг магнитофон ва овоз чиқарувчи бошқа аппаратураларидан овозини баланд қилиб фойдаланиш, транспорт воситаларига уни ишлаб чиқарган корхона назарда тутмаган товуш чиқарувчи ва ёритувчи қурилмаларни ўрнатиш» сўзлари билан тўлдирилмоқда.

Мазкур модда биринчи қисмининг санкциясидаги БҲМнинг 1 баравари (223 минг сўм) миқдоридаги жарима 3 баравари (669 минг сўм) миқдорига ўзгартириш таклиф этилмоқда.

Қонун лойиҳасини қабул қилиш заруратида айтилишича, республика ҳудудида автотранспорт воситалари сонининг кескин ортиши билан бир қаторда, айрим ҳайдовчилар томонидан аҳоли пунктларида транспорт воситаларининг магнитофон ва овоз чиқарувчи бошқа аппаратураларидан овозини баланд қилиб фойдаланиши ҳоллари ҳам учрамоқда. Бундай ҳаракатлар фуқароларнинг тинчлиги ва осойишталиги бузилишига сабаб бўлмоқда.

ИИВ маълумотларига кўра, 2018 йилда 6 466 нафар, 2019 йилда 9 911 нафар ҳамда 2020 йилнинг ўтган 8 ойи мобайнида 8 763 нафар (жами 25 140 нафар) транспорт воситалари ҳайдовчилари белгиланмаган жойларда фақатгина товуш сигналини сабабсиз бериши ва транспорт воситаларига уни ишлаб чиқарган корхона назарда тутмаган товуш чиқарувчи қурилмаларни ўрнатиши билан боғлиқ қоидабузарликларни содир этгани учун МЖТКнинг 127-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилганлар.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларида автомобиль салонида товуш баландлиги 85 дБ дан баланд бўлмаслиги ҳамда кўпи билан 8 соат тинглаш тавсия этилган. Шу билан бир қаторда товуш баландлиги 90 дБ бўлганда 2,5 соат, 95 дБда 47 дақиқа, 100 дБда 15 дақиқа, 105 дБда 4 дақиқа, 115 дБда 28 сония, 120 дБда 9 сониядан ортиқ тинглаш инсон саломатлигига салбий таъсир қилиш ва карликка сабаб бўлиши мумкинлиги қайд этилади.

ИИВ бу борадаги хорижий тажрибани келтириб ўтди. Сингапурда белгиламаган жойларда товуш сигналларини сабабсиз бериш 1,5 минг маҳаллий долларда (5,4 млн. сўм) жарима жазоси қўлланилиши белгиланган. Россия Федерациясида жорий йил августда қонунчиликка мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни сезиларли даражада кучайтиришга қаратилган ўзгартиришлар таклиф этилиб, унга мувофиқ, аҳоли ҳамда белгиланмаган жойларда сабабсиз товуш сигналларини бериш учун маъмурий жарима миқдори 10 бараварга оширилиб, 10 минг рублга (1 500 минг сўм атрофида) белгиланиши кўзда тутилган.