Республика ёшлар ишлари агентлиги томонидан «Ёшлар медиа холдинги» ташкил этиш тўғрисида ҳукумат қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Ҳужжатда «Yoshlar» телерадиоканали" АЖ, «Yosh kuch» журнали, «Ёшлар овози» — «Молодёжь Узбекистана» газеталари, «Ёшлар» нашриёт уйининг 100 фоизлик улушларини, шунингдек, «Озод юрт тўлқинлари» МЧЖнинг 61 фоизлик («Mening yurtim» (MY5) телеканали), «Ёшлар овози» МЧЖнинг («Ёшлар овози» радиоси) 49 фоизлик улушларини Ёшлар ишлари агентлигига бериш ва улар негизида акциядорлик жамияти шаклидаги «Yoshlar media xoldingi»ни ташкил этиш таклиф қилинмоқда.

Ёшлар медиа холдингига қўйилаётган вазифалар қаторида дунёда юз бераётган воқеаларни, мамлакатдаги ислоҳотларни ва айниқса, уларни ташвишга солаётган ёшлар ҳаётидаги ўзгаришларни холис ва ҳаққоний ёритиш, ягона давлат сиёсати, стратегик йўналишлари ва давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда асосий ахборот ҳамкори сифатида иштирок этиш киради.

Иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш ва амалга оширишга қаратилган ҳужжат лойиҳасида агентликнинг минтақавий ваколатхоналарида ҳамда университетларда Ёшлар мультимедиа студияларини очиш кўзда тутилган. Маҳаллий ва хорижий мутахассислар иштирокида маҳорат дарслари ва форумлар ўтказиш режалаштирилган. 27 июнь Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунини нишонлаш арафасида Ёшлар медиафорумини ўтказиш режалаштирилган.

Медиа холдинг ва унинг таркибидаги телерадиоканалларга контентни аналог ва рақамли форматда эфирга узатишда имтиёзлар бериш таклиф этилади. Тошкент шаҳар ҳокимлиги медиа холдингга бепул бино ажратиши керак бўлади.

Медиа-холдингни молиялаштириш манбалари сифатида давлат бюджети ва Ёшлар ишлари бўйича агентлик маблағлари ҳамда реклама ва ҳомийлик маблағлари ажратилади.

Шунингдек, 2020 йилда медиа-холдингга қурилиш ва моддий-техник базани таъминлаш билан боғлиқ харажатлар учун давлат бюджетидан 46 млрд сўм ажратиш таклиф қилинмоқда. 2021 йилга мўлжалланган медиа-контентни (махсус ва ахборот дастурлари, ижтимоий роликлар, интеллектуал лойиҳалар ва бошқалар) тайёрлаш, буклетлар ва ёш ижодкорларнинг биринчи китобларини нашр этиш учун маблағ ажратиш режалаштирилган. Медиа-холдингни бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштиришни 2023 йилгача тугатиш, ташкилотни ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш таклифи илгари сурилмоқда.

Ёшлар медиа холдингини ташкил этиш президентнинг 30 июндаги Ёшлар билан ишлаш агентлигини ташкил этиш тўғрисидаги фармонида кўзда тутилган эди. 2020 йилги давлат бюджетида Миллий телерадиокомпанияни ривожлантириш учун 420 млрд сўм маблағлари ажратилиши режалаштирилган эди.