17 сентябрь куни эрталаб деярли бир вақтнинг ўзида Тошкентнинг Миробод ва Чилонзор туманларидаги иккита кафеда ёнғин содир бўлди, дея хабар берди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Вазирлик маълумотларига кўра, ёнғин Нукус кўчаси 10-уйда жойлашган «Бухоро» кафеси ҳамда Бунёдкор шоҳ ва Чўпонота кўчалари чорраҳасида жойлашган, ижарада бўлган Bistroff кафесида юз берган.

Ёнғинларни ўчиришга Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг 8 та ёнғин ўчириш экипажи ҳамда 2 автонарвон зудлик билан жалб қилинган. Ёнғин натижасида биноларнинг 190 квадрат метр майдони зарар кўрган, ўт ўчирувчилар томонидан 430 квадрат метр майдон сақлаб қолинган.

Жабрланганлар тўғрисида маълумотлар келиб тушмаган. Ёнғин сабаблари ўрганилмоқда.