Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев «Браво» жамоаси вакили Аҳмад Темиров ҳамда хонанда Воҳиджон Исоқовнинг никоҳ тўйлари масаласида Маданият вазирлигига сенаторлик сўрови юборди.

«Албатта, ёшларимизни янги оила остонасига қадам қўйганликлари билан табриклайман. Аммо коронавирус балоси ҳали ўз таъсир кучини кўрсатиб, кундан-кунга касалланиш ортиб бораётган бир вақтда махсус комиссия талабларига зид равишда 30 кишидан ортиқ меҳмонларни йиғиб, карантин тартиб қоидаларга риоя этмаслик ва охир-оқибат яқинларимизнинг соғлиғини, ҳаётини хавф остига қўйиш тўғрими?» — деган саволни ўртага ташлади у.

Сенатор табриклаш учун келган ўндан ортиқ санъаткорлар ҳамда юзга яқин меҳмонларнинг ижтимоий масофа сақлаш, ниқоб тақиш нима эканлиги ёдларидан ҳам чиқиб кетганини таъкидлаб ўтди.

«Ахмад Темиров, Воҳиджон Исоқов ўрнатилган тартибда жаримага тортилганидан хабаримиз бор, бироқ бундай хатти-ҳаракатлар „тартиб қоидаларга зид равишда мана шундай тўй ўтказиб, белгиланган жаримани тўлаб кетиш билан осонгина қутулиш мумкин“ деган нотўғри хулосалар шаклланшига сабаб бўлиши ёмон. Қолаверса, бундай тадбирлар касаллик тарқалишига олиб келмайди деб ҳеч ким кафолат беролмайди», — деб ҳисоблайди Бахтиёр Сайфуллаев.

Унинг сўзларига кўра, халқ кўз ўнгида юрган, санъат оламига дахлдор одам бошқалардан кўра маданиятлироқ бўлиши, керак бўлса, жамиятидаги хайрли ишлар ва янгиликларни амалга оширишга кўпроқ ҳисса қўшиб, ёшларга ўрнак кўрсатиши керак.

«Бу каби кўра-била туриб тартиб-қоидани менсимай бузганлар фақатгина маълум бир миқдорда жарима тўлаш билан қутулиши етарли эмасдек, назаримда. Жамият қоидаларига, инсонлар ҳаётига бунчалар беписандалик билан қараш кўринмас душман билан олишиб жонларини фидо қилган юзлаб шифокору-ҳарбийларимиз, юртдошларимиз хотираси ва меҳнатларига нисбатан ҳам ҳурматсизлик деб баҳолашга лойиқ», — дейди Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси.

Эслатиб ўтамиз, эстрада хонандаси Воҳиджон Исоқов Tashkent City`да никоҳ тўйини нишонлар экан, карантин қоидаларига риоя қилмагани учун МЖТКнинг 54-моддаси бўйича жаримага (1 млн 115 минг сўм) тортилган эди. Бунча миқдордаги жарима эса юқорида келтирилган модданинг биринчи қисмида кўзда тутилган бўлиб, у жамоат жойида ниқоб тақмаслик учун тайинланади.

Пандемия бошланганидан буён Ўзбекистонда 619 минг фуқаро карантин қоидаларини бузгани учун жавобгарликка тортилди.