1 трлн сўм маблағни нақдлаштирган, 30 млн долларни чет элга чиқариб юборган жиноий гуруҳ иши судга оширилди, дея хабар берилди «Ўзбекистон24» телеканали репортажида.

Хабарда айтилишича, 300 млрд сўмга яқин маблағлар соҳта раҳбарларнинг номига очилган пластик картага молиявий ёрдам кўринишда туширилган ва кейинчалик ушбу маблағлар шерик банкларда нақдлаштирилган. Ҳар битта операцияда 500−600 минг доллардан нақдлаштирилган. Оқибатда бир неча кун ичида 30 млн доллар конвертация қилиниб, чет давлатларга ўтказиб юборилган.

«Мен тўртта фирмада норасмий раҳбар бўлганман. Шу фирмани иш фаолияти мижозлардан пул олиб нақдлаб беришдан иборат бўлган. Бу солиқ тўламаслик учун қилинган бизнес. Бизнес банксиз ўтмайди. Кунига 4−5 млрд, баъзида 36 млрд сўмгача пул ўтказадиган пулларимиз бўлган», — дейди айбланувчи телеканал репортажида.

«Аслида норасмий раҳбар хориждан туриб соҳта фирмаларни бошқариб келган, бу ердаги вакили эса оддий одамларни манфаатдорлик эвазига фирма директори ва ҳисобчиси лавозимига расмийлаштирган», — дейилади репортажда. Директор лавозимига расмийлаштирилган шахс эса ушбу ишнинг ноқонуний бўлганлигидан хабари бўлмаганлигини таъкидламоқда.

Жиноий гуруҳ 2019 йилнинг апрелидан декабрига қадар 1 трлн сўмга яқин маблағларни нақдлаштириб, 200 млрд сўм атрофида солиқ ва бошқа тўловлардан бўйин товлаган. 10 млрд сўмга яқин давлат бюджети маблағини талон-торож қилган. Хабарда айтилишича, банк раҳбарияти ушбу операцияларга тақиқ қўйиш ва бу ҳақда хабар бериш ўрнига, раҳбарнинг ўзи жиноий гуруҳга раҳнамолик қилган.

Тергов давомида аниқланишича, жиноий гуруҳ аъзолари томонидан моддий бойликлар ва бино иншоотларини асл бозор нархидан бир неча баробар кўпроқ қимматга сотиб олиниб, ортиқча қолдиқ маблағларидан ўзаро тил бириктирган ҳолда фирмалар ҳисоб-рақамларига кўчириб, давлат ва жамиятга катта миқдорда зарар етказишган.

Айбсизлик презумпцияси нуқтаи назаридан жиноят иштирокчилари, юридик шахслар номлари келтирилмаган.

Ҳозирда тергов ишлари якунланган ва жиноят иши кўриб чиқиш учун судга юборилган.