15 сентябрь куни Наманган вилояти Косонсой туманидаги «Намуна ширин» фермер хўжалиги даласида 21 ва 20 ёшли икки севишган ота-оналарини ўзаро турмуш қуришларига рози қилиш учун бир-бирини пичоқлади. Қиз олган тан-жароҳати натижасида шифохонада вафот этди, дея хабар қилди ИИВ матбуот хизмати.

Дастлабки суриштирувларга кўра, И. М. ва К. М. 5 йил давомида ўзаро севишиб юрган. Шунга қарамасдан, К. М.нинг отаси қизини Косонсой тумани «Тергачи» маҳалласида яшовчи, 1997 йилда туғилган Ф. А.га унаштириб қўйган. 14 сентябрь куни И. М. қизнинг отасининг олдига бориб, қизини унга беришини сўраганида, рози бўлмаган.

Ёшлар ота-оналарининг турмуш қуришларига қаршилик қилганидан норози бўлиб, ўзаро келишган ҳолда ўз жонларига қасд қилишга қарор қилади. Улар дастлаб туман марказидаги истироҳат боғи олдида кўришиб, сўнгра деҳқон бозоридан ош пичоғи сотиб олишади. Дала майдонига келгач, ош пичоқ билан биринчи бўлиб К.М. (2000 й. т., қиз) яхши кўрган йигити И.Мнинг (1999 й. т.) қорин қисмига бир маротаба уриб, сўнгра пичоқни И.М га берган ва қорнига уришни сўраган. И.М пичоқ билан К.Мнинг қорин қисмига бир маротаба урган вақтида қиз ҳушидан кетиб йиқилиб тушиши оқибатида пичоқ қизнинг қорин қисмига чуқурроқ кириб кетган. Қиз вафот этган, И.М эса шифохонага ётқизилган.

Ушбу ҳолат бўйича туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.