Республика махсус комиссиясининг қарори билан пандемия даврида йўловчиларнинг авиақатновлар орқали Ўзбекистонга кириб келиш тартиблари белгиланди. Унга кўра, «қизил», «сариқ» ҳудуд мамлакатларидан кириб келган йўловчилар COVID-19 аниқланмагани ҳақидаги тест натижасини кўрсатиши ва 14 кунлик мажбурий уй карантинига жойлашиши шарт. Бу ҳақда Uzbekistan Airports АЖ маъмурияти хабар берди.

Белгиланган тартибга кўра, «қизил» ва «сариқ» ҳудудлардан Ўзбекистон Республикасига келишни режалаштираётган йўловчилар аэропортда рўйхатдан ўтаётганда авиакомпания вакилига COVID-19 короновирус инфекцияси аниқланмаганлиги ҳақидаги ПЗР тестининг рус ёки инглиз тилидаги натижасини тақдим этишлари талаб этилади. COVID-19 короновирус инфекцияси учун топширилган натижаси манфий деб топилган ПЗР таҳлил ҳужжати парвоздан олдин 72 соатдан кўп бўлмаган муддатда бўлиши лозим.

Диққат: натижаси манфий деб топилган ПЗР тест натижаси бўлмаган йўловчи парвозга қўйилмайди.

Ўзбекистонга «қизил» ҳудуд мамлакатларидан кириб келган йўловчилар аэропортнинг учиб келиш терминалидаги паспорт назоратига COVID-19 коронавирус инфекцияси учун топширилган ПЗР таҳлил натижаси манфий деб топилган ҳужжатни ва 14 кунлик мажбурий уй карантинига жойлашиш юзасидан тўлдирилган мажбуриятномани тақдим этишлари шарт. Мажбуриятнома Ўзбекистон фуқаролари учун — доимий яшаш манзили бўйича, чет эл фуқаролари учун — вақтинча яшаш манзили бўйича тўлдирилади.

«Сариқ» ҳудуд мамлакатларидан Ўзбекистонга кириб келган йўловчилар аэропортнинг учиб келиш терминалида хизмат вазифасини ўтаётган паспорт назорати ходимларига COVID-19 коронавирус инфекцияси учун топширилган ПЗР тест натижаси манфий деб топилган ҳужжатни топширишлари талаб этилади.

COVID-19 коронавирус инфекцияси учун топширилган ПЗР тест натижаси манфий деб топилган ҳужжат йўловчиларда бўлмаса, улар аэропорт терминалининг кириш қисмида жойлашган намуналар олувчи жойда ўз ҳисобларидан ПЗР тест топширадилар ва 14 кунлик мажбурий уй карантинига жойлашиш юзасидан мажбуриятномани тўлдирадилар. Сўнг, тўлдирилган мажбуриятнома паспорт назорати ходимларига топширилади.

«Сариқ» ва «яшил» ҳудуд мамлакатларидан «қизил» ҳудуд мамлакатлари орқали келган транзит йўловчиларга киришга рухсат берилади. Мамлакатга кириб келганда йўловчида COVID-19 коронавирус инфекцияси учун топширилган ПЗР тест натижаси манфий деб топилган ҳужжат бўлмаса, аэропорт ҳудудида йўловчи ўз ҳисобидан ПЗР таҳлил текширувидан ўтказилади ва 14 кунлик ўзини изоляция қилиш юзасидан мажбуриятномани ҳам тўлдиради.

«Қизил» худуд мамлакатларидан «сариқ» ва «яшил» ҳудуд мамлакатлари орқали келган транзит йўловчига Ўзбекистонга киришга рухсат берилади. Мамлакатга кириб келганда йўловчида COVID-19 коронавирус инфекцияси учун топширилган ПЗР тест натижаси манфий деб топилган ҳужжат бўлмаса, аэропортнинг ўзида йўловчининг ҳисобидан ПЗР текширувидан ўтказилади ва 14 кунлик ўзини изоляция қилиш юзасидан мажбуриятномани тўлдиради.

Ўзбекистонга кириб келгандан сўнг, аэропортнинг учиб келиш терминалида йўловчида иситма ёки COVID-19нинг бошқа аломатлари кузатилса, йўловчи тиббий кўрикдан ўтказилади. Шунингдек, ПЗР тест натижаси мусбат бўлса, йўловчи даволаниш учун касалхонага жойлаштирилади.

«Яшил» ҳудуд мамлакатларидан Ўзбекистонга кириб келган йўловчиларга нисбатан карантин тартиблари қўлланилмайди (касаллик аломатлари кузатилган йўловчилар бундан мустасно).