16 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг бир қанча туманларида яшовчи аҳоли электр энергияси ўчирилганидан шикоят қилган хабарлар тарқалди. Улар электр энергияси ҳисоб-китобини назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими билан боғлиқ муаммоларни қайд этишган.


Электр энергияси қарздорлиги бор фуқаролар учун узилганлиги айтилмоқда. Лекин, тўлов амалга оширилишига қарамасдан, электр энергиясининг узатилиши бир неча соатдан бери тиклангани йўқ.



«Газета.uz» «Ҳудудий электр тармоқлари» компанияси матбуот хизматига изоҳ сўраб мурожаат қилди.

«Ҳудудий электр тармоқлари» маълумотларига кўра, бугунги кунда аҳолининг етказиб берилган электр энергияси олдидаги қарздорлиги 2,33 трлн сўмни ташкил этади. Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (ЭЭҲО ва НҚАТ) босқичма-босқич ишга туширилиши натижасида қарздор истеъмолчиларни оммавий ўчиришни бошлаган.

Бунинг натижасида 16 сентябрь куни республика бўйича 58 217 нафар қарздор истеъмолчи электр энергияси тармоғидан ўчирилган. Ушбу ўчирилган истеъмолчилар умумий қарзодлиги 8,9 млрд сўмни ташкил этади.

Қарздорликни тўлаган истеъмолчига, ўз вақтида электр энергиясининг улаб берилмаслигининг асосий сабаби, бир вақтнинг ўзида оммавий ўчириш ва қайта улаш бўйича сўровларга ишлов бериш бўйича тизимга юкланиш ҳаддан зиёд ортиб кетган. Шу боисдан тизим қайта уланишни 4−5 соатга кечикиб амалга оширди, дейилади «Ҳудудий электр тармоқлари» компанияси изоҳида.

Компания айни пайтда тармоқдан узиб қўйилган истеъмолчилар тармоққа тўлиқ қайта уланганини айтмоқда.

«Шуни алоҳида айтиб ўтамиз, етказиб берилган электр энергиясидан қарздор бўлган истеъмолчини автоматик равишда ўчирилиш давом этади. Келажакда электр тармоқдан узилишнинг олдини олиш мақсадида, хурматли истеъмолчилар, истеъмол қилинган электр энергияси учун ўз вақтида тўловларни амалга оширишингизни сўраймиз», — дейилади баёнотда.