Жаҳон банки инқироздан кейин глобал иқтисодиётнинг тикланиш муддатларини тахмин қилди

Фото: World Bank / Heather Elliott

Жаҳон банки бош иқтисодчиси Кармен Рейнхарт глобал иқтисодиётнинг коронавирус инқирозидан кейинги тикланиш жараёни беш йил давом этишини тахмин қилди. «Барча карантин чекловлари бекор қилингани сабабли тикланиш тез рўй бериши мумкин, аммо тўлиқ тикланиш жараёни беш йилгача давом этади», ― деди мутахассис. Шу билан бирга, Рейнхарт инқироздан сўнг дунёда қашшоқлиқ даражаси охирги 20 йил ичида биринчи марта ўсишини таъкидлади. Иқтисодчининг фикрига кўра, пандемия туфайли юзага келган инқироз дунёда тенгсизликни кучайтиради. — РИА Новости

Билл Гейтс АҚШда коронавирусга қарши вакцинанинг чиқиш муддатларини тахмин қилди

Фото: gatesnotes.com

Microsoft асосчиси Билл Гейтснинг фикрига кўра, октябрь ойининг охирига қадар АҚШда коронавирусга қарши эмлашни бошлаш учун имконият йўқ ва шу вақтга қадар мамлакатда фақат битта вакцина синовлардан ўтиши мумкинлигини айтди. «Вакциналарнинг ҳеч бири AҚШда октябрь ойи охирига қадар тест синовлардан муваффақиятли ўтмаслиги мумкин… Aгар барчаси яхши бўлса, октябрь охиригача фойдаланишга рухсат берилиши мумкин бўлган ягона вакцина — бу Pfizer бўлади», ― дейди Microsoft асосчиси. Бироқ, Билл Гейтс, агар бир неча вакциналарнинг самарадорлиги исботланса, улар декабрь ёки келгуси йил январь ойларига қадар фойдаланиш учун тасдиқланиши мумкинлигига умид қилмоқда. — РИА Новости

Ливия бош вазири яқинда истеъфога чиқишини эълон қилди

Ливия миллий келишув ҳукумати раҳбари Фаиз Сараж яқинда истеъфога чиқишини эълон қилди. «Мен ўз ваколатларимни октябрь ойининг охирига қадар янги ижро ҳокимиятига ўтказишни чин дилдан истайман», — деди Сараж. Бош вазир бу режасини кетиш муддатигача музокара қўмитаси ўз ишини якунлаши ва янги президент кенгашининг тузилиши билан изоҳлади. Сараж, шунингдек, тез орада парламент ва президент сайловлари муваффақиятли ўтказилишига умид билдирди. — lenta.ru

Алексей Навальний номзоди Нобель мукофотига илгари сурилди

АҚШдаги бир неча университет профессор-ўқитувчилари сиёсатчи Aлексей Навалнийни Нобель мукофотига номзод қилиб кўрсатишди. Бу ҳақда россиялик олим, Нью-Жерсидаги Rutgers университети профессори Сергей Ерофеев ўзининг Facebook саҳифасида эълон қилди. Сергей Ерофеев аниқ исмларни айтмади, аммо Навалнийнинг номзодини илгари сурганлар орасида «катта одамлар» борлигини ва жамоат тез орада уларнинг исмларини эшитишини таъкидлади. — Ерофеев Facebook саҳифасидан

«Яндекс.Деньги» ребрендингдан сўнг «ЮMoney» бўлади

Фото: money.yandex.ru

«Яндекс.Деньги» компанияси ребрендинг қилганидан сўнг «ЮMoney»га айланади, дейилади компания хабарида. Ҳозирда «Яндекс.Деньги» Россиянинг «Сбербанк"ига тегишли. «ЮMoney» электрон тўловлар хизматини кўрсатишни давом эттиради. «Компания 15 декабрдан кейин бутунлай янги брендга ўтади ва шу пайтгача янги ва эски брендлардан бир вақтнинг ўзида фойдаланиш мумкин бўлади. Янги бренд компаниянинг Россиядаги электрон пул бозорида етакчи сифатидаги қадриятларини акс эттиради», — дейилади хабарда. — Интерфакс