Ўзбекистон президентининг 15 сентябрдаги фармони билан Туробов Баҳодир Тўхтамишович Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди, дея хабар қилди палата матбуот хизмати.

Фото: Ҳисоб палатаси.

Баҳодир Туробов 1972 йил Сурхондарё вилоятида туғилган. 1994 йил Тошкент молия институтини иқтисодчи мутахассислиги, 2000 йил Банк-молия академиясини молия мутахассислиги бўйича тамомлаган. 2007 йилда иқтисод фанлари номзоди илмий даражасини олган. 2011−2015 йилларда Молия вазирлиги бошқарма бошлиғи, Бош бошқарма бошлиғи вазифасида меҳнат қилган.

2015−2017 йилларда «Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компанияси бош бошқарма бошлиғи лавозимида фаолият олиб борган. 2017−2018 йилларда Ҳисоб палатаси бош инспектори, шўъба мудири сифатида меҳнат қилган. 2018−2019 йилларда эса Давлат солиқ қўмитасида раис ўринбосари вазифасида ишлаган. 2019 йил сентябрдан тайинловга қадар Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

Фото: Бош прокуратура.

Президентнинг худди шу фармони билан Саидкаримов Саидлазиз Саидасилович Ҳисоб палатаси Раиси ўринбосари лавозимига тайинланди.

У 1982 йил Тошкент вилоятида туғилган. 2002 йил Ўзбекистон Миллий университетини ҳуқуқшунослик мутахассислиги бўйича тамомлаган. Саидлазиз Саидкаримов 2002—2009 йилларда Сирдарё вилояти прокуратураси тизимида турли вазифаларда ишлаган.

2009−2018 йилларда Ўзбекистон Бош прокуратурасининг бошқарма прокурори, катта прокурори, бошқарма бошлиғи ўринбосари, бошқарма бошлиғи лавозимларида фаолият олиб борган. 2018 йил февралдан тайинловга қадар Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

Ҳисоб палатаси раиси лавозими 2019 йил мартдан, Музраф Икромов Қашқадарё вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи, сўнгра адлия вазири ўринбосари лавозимига тайинлангандан буён вакант бўлиб қолмоқда.