15 сентябрдан бошлаб Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманидаги 40 ва 262-сонли мактабларда анъанавий кўринишдаги дарслар коронавирус инфекцияси бўйича эпидемик вазият барқарор бўлгунга қадар вақтинчалик тўхатилди. Бу ҳақда пойтахт Халқ таълими бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати ушбу мактаблар фаолияти маҳаллий кенгаш қарори билан тўхтатилганини маълум қилди.

«Бугунги кунда барча ҳудудларда мактаб ўқитувчиларининг COVID-19 инфекциясига тест топшириш жараёни амалга оширилмоқда. Тест топшириш жараёнида, афсуски, натижалар мусбат чиқаётган ҳолатлар ҳам бор. Қувонарли томони, аксарият ўқитувчиларда касаллик аломатларсиз енгил ҳолда кечаётгани сабабли уларнинг айримлари ўзлари ҳам вирусни бошидан кечираётганидан бехабар бўлган», — дейилади ХТВ хабарида.

Маълумот учун, 16 сентябрь ҳолатига кўра,Тошкент шаҳридаги 318 та умумтаълим муассасаларидан қуйидаги 137 таси (рўйхат) анъанавий тарзда фаолият кўрсатмоқда. Қолган мактаблар фаолияти анъанавий тарзда бошлагунга қадар дарс машғулотларининг онлайн тарзда, яъни «Онлайн-мактаб» лойиҳаси доирасидаги телевизион дарслар орқали амалга оширилади.