Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида, шунингдек, Қорақалпоғистонда фуқароларга давлат университетларига киритиб қўйишда ёрдам беришга ваъда берган шахслар ҳибсга олинган. Бу ҳақда «Газета.uz» га Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Андижон вилоятида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари Олтинкўл туманидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Ғ.Д.ни 4300 доллар олаётганда ашёвий далил билан қўлга олишди.

Маълум бўлишича, ўқитувчи Андижон давлат университети раҳбариятидаги танишлари орқали фуқаро Г. М.ни ушбу ОТМнинг жисмоний маданият факультетига киритиб қўйишга ваъда берган.

Яна бир ҳолат Фарғона вилоятининг Бувайда туманида содир бўлган. Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг туман бўлими, ДХХ ва ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбир давомида 2000 доллар олаётган тумандаги умумтаълим мактабининг ёшлар етакчиси И.М. ва фуқаро М.Б. ушланган. Улар фуқаро А.нинг қизини танишлари орқали Наманган давлат университетига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган.

Департаментнинг Уйчи туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса Наманган Давлат Университети ўқитувчиси А.С., фуқаро Р.ни университетнинг педагогика ва психология йўналиши бўйича танишлари орқали ўқишга киритиб қўйиш эвазига 1800 доллар беришни талаб қилиб, олдиндан 800 долларини олаётган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Ушбу ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Шунингдек, Қорақалпоғистонда Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг республика бошқармаси ва ички ишлар бошқармаси томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида фуқаро Г. М. дўсти Т.А.нинг ишончига кириб, унинг синглиси Г. Х.ни Қорақалпоқ тиббиёт институтига ўқишга киритиб қўйиши эвазига 3000 долларни олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Ҳолат юзасидан Г. М.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш), 28 (жиноятда иштирок этиш) ва 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.