Қурбанмурат Холмуратович Тапаров молия вазири ўринбосари этиб тайинланди. Президент 15 сентябрь куни бу ҳақдага фармонни имзолади, дея хабар берди Молия вазирлиги матбуот хизмати.

Қурбанмурат Тапаров (1978 йилда туғилган) Қарши давлат университети (1999 йил), Банк-молия академияси (2004) ва Рицумейкан университетини (Япония, 2012) тамомлаган.

У ўз фаолиятини 1999 йилда Қашқадарё вилояти молия бошқармасининг 1-тоифали иқтисодчиси лавозимида бошлаган. 2003 йилда Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳисоб-китоби жамғармасининг Қашқадарё вилоятидаги минтақавий етакчи инспектори сифатида, кейиначалик, ушбу бошқарманинг Қорақалпоғистон Республикаси бюджети ва маҳаллий бюджетларнинг тузилиши ва ижро этилиши устидан назорат олиб бориш бўлими бош иқтисодчиси, бўлими бошлиғи ўринбосари ва бўлим бошлиғи лавозимларида ишлаган.

2017−2018 йилларда — Молия вазирлиги Ҳудудлар молияси бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари ва кейинчалик бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият юритган.

Тайинловга қадар, Қурбонмурат Тапаров Президент Администрацияси ҳокимият вакиллик органлари ва сиёсий партиялар билан ҳамкорлик қилиш шўъбаси етакчи инспектори лавозимида фаолият юритган.