Марғилон шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбари Авазбек Мадаминович Ғаниев қон босимининг кескин кўтарилиб кетиши ва мияга қон қуйилиши ташхиси билан оламдан ўтди, дея хабар қилди Фарғона вилояти ҳокимияти матбуот котиби Муҳаммаджон Обидов.

Авазбек Ғаниев (1958 йилда туғилган) Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Дониёр Ғаниевнинг отаси, Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг акаси эди.

У 2013 йилдан бери Марғилон шаҳар тиббиёт бирлашмасини бошқариб келаётган эди. Илгари у Фарғона вилояти Қўштепа туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари сифатида ҳам ишлаган.

Сентябрь ойи бошида Авазбек Ғаниевнинг коронавирус билан касаллангани тўғрисида хабар тарқалди. Аммо 8 сентябрь куни вилоят ҳокимлиги маълумотни рад этиб, тиббиёт ходимининг пневмония хасталиги ва юқумсиз бўлган бошқа ҳамроҳ касалликлар билан айни кунда Марғилон шаҳар тиббиёт бирлашмаси шифохонасида даволанаётганини маълум қилди.