Тошкент вилоят юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан 250 млн сўмдан зиёд маблағларни талон-торож қилиш ҳамда мансабга совуққонлик билан қараш айблари билан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берган эдик. У икки томонлама пневмония ва COVID-19 ташхиси билан оғир аҳволда даволанаётган беморни вилоят руҳий касалликлар диспансерига ўтказиб, унинг ўлимига сабаб бўлгани учун қўлга олинганди.

Чирчиқ шаҳар прокурори Бахтиёр Иброҳимовнинг айтишича, вафот этган шахс асли шифокор, 12 йилдан ортиқ жонлантириш бўлимида ишлаб келган реаниматолог Фаррух Рустамов бўлган. Бу ҳақда у «Qalampir.uz»га берган интервьюсида маълум қилди.

Фаррух Рустамов вафотидан сўнг президент Шавкат Мирзиёевнинг 27 августдаги фармони билан «Жасорат» медали билан мукофотланган. Фармонда унинг Тошкент вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида реанимация бўлими анестезиолог-реаниматологи бўлиб хизмат қилгани кўрсатилган.

Чирчиқ шаҳар прокурори Бахтиёр Иброҳимов берган маълумотларига кўра, Фаррух Рустамов 1981 йилда туғилган, уч нафар фарзанднинг отаси бўлган ва пандемиягача Чирчиқ шаҳар марказий шифохонасида реаниматолог бўлиб ишлаган. У Соғлиқни сақлаш вазирлиги буйруғига асосан Зангиотадаги COVID-19'га қарши кураш марказига бориб, кўнгилли сифатида ишлаган. 14 кун мобайнида шифокорлик қилиб, кўплаб беморларнинг соғайишига ўз ҳиссасини қўшган ва шу вақтда коронавирус инфекциясини юқтириб олган.

«Ўзидаги ўзгаришларни ҳис қилгач, Фаррух Рустамов Чирчиқ шаҳрида жойлашган вилоят Юқумли касалликлар шифохонасига мурожаат қилган. Шифохонада унга COVID-19 ташхиси қўйилгач, у шифохонага ётқизилган. Кўрсатилган муолажаларга қарамай, ўпкаси икки тарафлама 70 фоиз зарарланган; у сунъий нафас бериш мосламасига уланиб, кислород етказиб бериб турилган», — дейди Чирчиқ шаҳар прокурори.

«Рустамов ўзи реаниматолог бўлгани учун жонлантириш бўлимида керакли муолажалар кўрсатилмагани сабаб, у ўз ҳуқуқини талаб қилиб: «Қон босимим тушиб кетяпти, у ёки бу дорини юборинг, ҳаётим хавф остида», деб гапирганида Юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева: «Бу маҳмадона экан, руҳий касал бўлиб қолибди», деб, вазиятга тўғри баҳо бермай, вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансери бош шифокорига қўнғироқ қилиб: «Биз сизга оғир аҳволдаги бир руҳий касални юборамиз, уни қабул қилиб, даволашингиз керак, мутахассис юборинг», деб айтган.

Вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансери бош шифокори: «Коронавирусга чалинган бемор бўлса, уни бизга юбора олмайсиз, чунки бу ерда бутун вилоятдан келган 120 нафар бемор бор. Уларнинг ҳаётини хавф остига қўйиш мумкин эмас. COVID-19'га чалинган беморни аввал даволаб, кейин бу ерга юбориш керак», деб жавоб берган. Шунга қарамай, Гулжаҳон Йўлдошева тегишли хулосаларни олмай, ССВнинг Руҳий асаб касалликлари диспансерига ётқизиш бўйича талабларига зид равишда, беморнинг соматик ҳолати оғирлиги, унда ўткир нафас етишмовчилиги мавжудлиги, реанимацион муолажаларга муҳтожлигига қарамай, унинг оғзида турган кислород етказиб берувчи мосламани олиб ташлаб, замбилга ортиб, диспансерга мажбуран олиб бориб ташлаган.

Руҳий асаб касалликлари диспансери коронавирусга чалинган беморларни даволашга ихтисослашмаган, шароитлар йўқ. Шундай бўлса-да, улар беморни қабул қилиб олган. Унга керакли муолажалар кўрсатилгунига қадар, яъни кислород етказиб берувчи мослама олиб келингунича Фаррух Рустамовнинг жони узилган", — маълумот берди Бахтиёр Иброҳимов.

Маълум қилинишича, у Гулжаҳон Йўлдошеванинг кўрсатмаси билан вилоят Руҳий касалликлари диспансерига юборилган.

Дастлабки суриштирув давомида руҳий касалликлар диспансери бош шифокори нима учун коронавирусга чалинган беморни қабул қилгани ҳақидаги саволга оғир аҳволдаги беморни қабул қилишдан бош торта олмаганлигини ва Фаррух Рустамовнинг касаллик тарихида у COVID-19'дан буткул тузалгани ҳақида хулоса ёзилгани туфайли уни қабул қилиб олганини таъкидлаган.

«Аслида эса беморнинг COVID-19'дан тузалмаганини уни диспансерга олиб борган шифокор ҳам, уни қабул қилиб олган бош шифокор ҳам — ҳамма билган», — дейди Бахтиёр Иброҳимов.

Маълумот учун, 39 ёшли Фаррух Рустамовнинг коронавирус инфекцияси оқибатида 2 август куни вафот этгани Бош прокуратура ахборотидан маълум бўлган. Ушбу ўлим ҳолати Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳозиргача тасдиқланмаган.