13 сентябрь куни Ўзбекистон олий таълим муассасаларига кириш учун тест синовлари якунланди. Душанба куни бўлиб ўтган брифингда ДТМ директор ўринбосари Сардор Ражабов тест синовларининг дастлабки якунларини эълон қилди.

Тест синовлари 2 сентябрдан бошланиб, кунига 2 сменада — биринчи сменада 08:00 дан 11:00 гача, иккинчи сменада 17:00 дан 20:00 гача ўтказилди. Тест синовлари Фарғона вилоятида 10 кунда (11 сентябрь куни), Бухоро, Жиззах, Наманган, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида 11 кунда (12 сентябрь куни), Қорақалпоғистон Республикаси, Aндижон, Сурхондарё, Қашқадарё, Навоий, Сирдарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 12 кунда (13 сентябрь куни) якунланди.

Тест синовларида бир сменада 1975 та гуруҳда 59250 нафар абитуриент, бир кунда 3950 та гуруҳда 118500 нафар абитуриент иштирок этиши учун тайёргарлик кўрилди. Жараёнга гуруҳ назоратчиси сифатида 3705 нафар педагог ходимлар жалб этилди.

Ўзбекистон ОТМларига жами 1 млн 304 минг 194 нафар (2019 йилда — 1 млн 66 минг) абитуриент ҳужжат топширган. Имтиҳонда шулардан 1 млн 240 минг 614 нафари (95,1%) қатнашди. 63 минг 580 нафари эса (4,9%) турли сабабларга кўра тест синовларида иштирок этмади. Жами 1187 нафар абитуриент турли сабабларга кўра тест синовларидан четлатилди. Шундан 548 нафари ҳудудга киришда, 639 нафари эса тест синови жараёнида имтиҳондан четлаштирилган.

Жумладан, ҳудудга киришда 367 нафар абитуриент телефон олиб киришга, 48 нафари шпаргалка олиб киришга урингани, 118 нафари ўринга ўрин киришга ҳаракат қилгани, 10 нафари ҳужжатларни сохталаштиргани учун имтиҳонлардан четлатилган.

Тест синови жараёнида эса 491 нафар абитуриент телефондан фойдалангани, 68 нафари шпаргалкадан фойдалангани, 27 нафари ўринга ўрин киргани учун тест синовларидан четлатилди.

Қолган абитуриентлар калкулятор олиб киришга урингани, шахси тасдиқланмагани, ўзаро гаплашгани, тест материалларини алмаштиргани, тест материалларини олиб чиқишга урингани каби турли сабаблар билан тест синовларидан четлатилган.

90 нафар абитуриентда тана ҳарорати 37 даражадан юқори экангани аниқланган ва шу сабаб имтиҳонларга киритилмаган. 17 сентябрь куни ушбу талабаларда соғлом эканлиги ҳақида маълумотномаси мавжуд бўлган ҳолда, улар учун қўшимча тест синовлари ўтказилиши режалаштирилмоқда, дея маълум қилди ДТМ директор ўринбосари Сардор Ражабов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.

Тест натижаларидан норози бўлган абитуриентлар октябрь ойининг бошларида аппеляцияга беришлари мумкин бўлади. Аппеляция шикоятларини қабул қилиш тўлиқ онлайн тарзда бўлиб ўтади.