15 сентябрь куни Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда Россия бош вазири ўринбосари Алексей Оверчук бошчилигидаги Россия ҳукумати вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда томонлар бир қатор лойиҳаларни муҳокама қилишди. Бу ҳақда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Кенгайтирилган йиғилишда Молия вазири Тимур Ишметов, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов, Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев, «Ўзстандарт» агентлиги директори Дилшод Саттаров, шунингдек, бошқа вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари иштирок этишди.

Томонлар минтақавий ҳамкорлик доирасидаги бир қатор лойиҳаларни муҳокама қилишди. Хусусан, солиқ ва божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича ҳаракатлар режасининг бажарилишини кўриб чиқишди.

Қайд этилишича, бугунги кунга келиб, солиқ маъмурияти тизимини ривожлантириш, шу жумладан, мол-мулкка солиқ солишни такомиллаштириш ва солиқ тўловчилар билан ишлаш тизимини яратиш (2019−2020 й.) мақсадида икки давлат Молия вазирликлари ўртасида Россия томонидан Ўзбекистонга беғараз техник ёрдам кўрсатилиши тўғрисида шартнома имзоланган.

Ушбу шартномани амалга ошириш доирасида қуйидаги йўналишлар бўйича ишлар олиб борилди:

  1. Электрон ҳисоб-фактуралар ва ҚҚС маъмурияти бўйича бизнес-жараёнларни оптималлаштириш.
  2. Ўзбекистон Республикасида кўчмас мулкка солиқ солишни такомиллаштириш концепцияси.
  3. Ўзбекистон солиқ органларида солиқ тўловчилар билан ишлашни ташкил этиш концепцияси.
  4. Солиқ ўрганлари ходимларининг солиқ тўловчилар билан ўзаро самарали ишлаши бўйича ўқув дастурини ишлаб чиқиш.
  5. Ўзбекистон Республикаси солиқ органлари учун корпоратив услубни яратиш. Ўзбекистон Республикаси солиқ органларининг корпоратив идентификацияси концепцияси ишлаб чиқилди ва тақдим этилди.

Федерал Солиқ хизмати билан ҳамкорликни давом эттириш бўйича қуйидагилар ҳамкорликнинг II босқичи доирасида ишлаб чиқилган:

  • замонавий технологиялардан фойдаланишни таъминлайдиган амалий дастурий таъминотни ишлаб чиқиш:
  • техник ходимларни тайёрлашни ташкил этиш ва ўтказиш;
  • амалий дастурий таъминотнинг синов ва жорий қилиш жараёнларини қўллаб-қувватлаш;
  • Big Data маълумотларни қайта ишлаш учун аналитик тизимни ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

Кадастр фаолиятини такомиллаштириш бўйича ҳамкорлик ишлари ҳам муҳокама қилинди. Ҳозирда Росреэстр билан, Россия Федерал Солиқ хизмати томонидан амалга ошириладиган кўчмас мулкни солиққа тортишни такомиллаштириш бўйича лойиҳани давом эттиришни ҳисобга олган ҳолда, 2020−2021 йилларда ҳамкорлик тўғрисида музокаралар олиб борилмоқда.

Россия томонининг техник кўмаги билан «Давлат кадастрини баҳолаш тизимини яратиш ва кўчмас мулк объектларининг кадастр қийматини аниқлаш, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасида солиқ мақсадлари учун» лойиҳаси доирасида қуйидаги йўналишларни амалга ошириш режалаштирилган:

  • кўчмас мулк объектларини оммавий тест-баҳолашини ўтказиш;
  • кўчмас мулк объектларини ҳисобга олиш, рўйхатдан ўтказиш ва давлат кадастр баҳосини ўтказиш тартиби, унинг натижаларини тасдиқлаш ва қўллаб-қувватлаш учун норматив-ҳуқуқий таъминотни ишлаб чиқиш;
  • давлат кадастр баҳосини ўтказишнинг ягона методологиясини ишлаб чиқиш;
  • автоматлаштирилган ахборот тизимларини яратиш учун дастурий ва техник ечимларни ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказиш («Давлат кадастрини баҳолаш маълумотлари фонди», «Кўчмас мулк бозори мониторинги», «Кадастр қийматини аниқлаш»);
  • таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва кадастр қийматини белгилайдиган ва кадастр қийматини аниқлаш билан шуғулланадиган мутахассисларни тайёрлаш.

Учрашув якунида, томонлар келгусидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишлари ва амалга ошириладиган тадбирлар бўйича келишиб олишди.