Лаборатория текширувидан ўтган 855 нафар ходим вирус юқтирганликда гумонланиб, дастлабки хулосалар берилди. Уларда коронавирус аломатлари мавжуд эмаслигини алоҳида таъкидлаш зарур, дея хабар қилди ССВ матбуот хизмати Қашқадарё вилоят СЭОМ маълумотларига таянган ҳолда.

Коронавирусга гумон қилинган педагоглар зарурий дори дармон, тиббий воситалар билан таъминланиб, шифокорлар томонидан кузатувга олинди. Навбатдаги босқичда эса вирусни юқтирганликда гумонланган педагог ходимлар яна бир бор текширувдан ўтади.

Маълум қилинишича, умумтаълим мактабларида 2020−2021 ўқув йилини карантин қоидалари ва талаблари асосида ташкил этиш мақсадида вилоятдаги барча педагог ходимлар коронавирусга текширилмоқда. Вилоятда 1151 та умумтаълим мактаби мавжуд бўлиб, уларда 55 562 нафар ўқитувчи ва бошқа ходимлар фаолият кўрсатиб келади. Шу кунга қадар Қашқадарё вилоят СЭОМ ва унинг шаҳар ва туман марказлари орқали 32 892 нафар педагог ходимдан вирус таҳлиллари олиб ўрганилган.

Шу кунга қадар вилоят Санитария-эпидемологик осойишталик марказининг махсус лабораториясида 201 319 нафар фуқародан олинган таҳлил натижалари кўриб чиқилган бўлиб, 15 сентябрь 10:00 ҳолатида вилоятда жами 1034 ҳолатда COVID-19 билан касалланиш қайд этилган.

Айни пайтда эса вирусни юқтириб олган 958 нафар бемор даволаниб, соғайганларнинг умумий кўрсаткичи 93 фоизни ташкил қилмоқда.