Ҳар йили дунёда 800 мингга яқин одам ўз жонига қасд қилмоқда. Бундай ҳолатларнинг аксарияти, яъни 79 фоизи, даромад даражаси кам ва ўртача бўлган мамлакатларда учрайди. Ўз жонига қасд қилиш 15−19 ёшли ўспиринлар орасида ўлимларнинг учинчи энг катта сабабчисидир. Бу ҳақда 10 сентябрь — Жаҳон ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш куни муносабати билан БМТнинг Янгиликлар маркази томонидан эсга олинди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, эркаклар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари зўравонлик оқибатида ташкил этилган ўлим ҳолатларининг 50% ни, аёлларда эса 71% ни ташкил қилади. Бундан ташқари, ЖССТга кўра, Европа минтақасидаги кўплаб мамлакатлар бу борада дунёдаги энг юқори кўрсаткичга эга — йилига 140 минг суицид ҳолатлари. 2019 йилда ушбу фожиали кўрсаткич бўйича Россия дунёда учинчи ўринни эгаллади.

ЖССТ маълумотларига кўра, ўз жонига қасд қилишнинг асосий хавф туғдирувчи омили — содир этилган ўз жонига қасд қилишга бўлган ҳаракат. Шу сабабли, ушбу ҳодиса билан курашишнинг асосий усулларидан бири бу аввалроқ ўзларига зарар етказишга ҳаракат қилиб кўрган ёки бу ҳақда ўйлаган одамлар ҳақида маълумот тўплаш, сўнгра уларнинг ҳолати ва хатти-ҳаракатларини кузатиб боришдир.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумот тўплаш ва мониторинг қилишдан ташқари, таълим муассасалари даражасида тадбирлар ташкил этиш, аҳоли орасида алкоголь ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишни камайтириш, тиббиёт ходимларини ўқитиш ва бошқа чораларни тавсия қилади.