Ўзбекистонда 2021 йил 1 январдан бошлаб «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида кам таъминланган сифатида рўйхатга олинган оила аъзоларига, улар меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга чиқиб кетаётганда микроқарзлар берилади. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 14 сентябрдаги «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида бу ҳақда сўз боради.

Ҳужжатга мувофиқ, микроқарзлар хорижда ишга жойлашиш (шу жумладан, йўл ҳақини тўлаш ва меҳнат фаолиятига рухсат олиш) билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун 10 млн сўмгача миқдорда бир йил муддатга берилади. Микроқарз фоиз ставкасининг 14 фоизли пунктидан юқори бўлган қисми, лекин 21 фоиздан ошмаган миқдори Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан компенсация қилинади.

Шунингдек, чет давлатларда мураккаб молиявий аҳволга тушган ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, маблағларсиз қолган 10 мингга яқин фуқароларга 446 минг сўм (40 долл) бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади ҳамда ушбу мақсадларга 4,1 млрд сўм маблағ ажратилади.

Россия Федерацияси, Қозоғистон ва Туркия Республикаларида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида адвокатлик фирмалари жалб қилинади, онлайн платформа яратилади ва Россия Федерацияси ҳудудини доимий хизмат билан қамраб оладиган «Call-марказ» ташкил қилинади.

Бундан ташқари, хорижий мамлакатларда Ўзбекистон фуқароларига мунтазам ёрдам кўрсатиб келаётган шахсларни «фахрий консул» ҳамда «жамоат маслаҳатчиси» этиб тайинлаш ҳамда уларни давлат мукофотлари билан тақдирлаш амалиёти жорий қилинади.

Дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхоналари ҳузурида хориждаги ватандошлар, йирик иш берувчилар ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароларига мунтазам равишда ёрдам кўрсатиб келаётган бошқа шахслар иштирокидаги Маслаҳат кенгашлари ташкил этилади.

2021 йил 1 январдан бошлаб «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида кам таъминланган сифатида рўйхатга олинган оила аъзоларига, улар хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириб, қайтиб келганда:

  • Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ижарага олинган бино ва иншоотларнинг ижара ҳақини тўлаш, тадбиркорлик асослари ва молиявий саводхонликка ўқиш, кредит таъминоти сифатида тақдим этиладиган суғурта полиси бўйича тўловларни амалга ошириш учун 2,2 млн сўм миқдорида субсидия тўланади;
  • Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратилган кредитнинг 14 фоиздан юқори бўлган қисми, лекин 21 фоиздан ошмаган миқдори компенсация қилинади.

Туман ва шаҳар сектор раҳбарлари, маҳалла раислари ва меҳнат инспекторлари хорижга ишлаш учун кетган фуқароларнинг оила аъзоларига моддий ва ижтимоий ҳолатини яхшилаш, зарур тиббий патронаж хизматини кўрсатиш, ипотека кредитлари асосида уй-жойлар ажратиш, фарзандларининг таълим олишидаги муаммоларини ҳал қилиш, меҳнатга лаёқатли аъзоларини иш билан таъминлашга кўмаклашади.